Мазкур сессияда Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо мамлакатларнинг нотариат соҳаси вакиллари, хусусан, Халқаро нотариуслар иттифоқи президенти Лионел Галлиез, Туркия адлия вазири ўринбосари Хуршид Йилдирим, Халқаро нотариуслар иттифоқи Европа ишлари бўйича Вице-президенти Йенс Борман, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Франция Олий Нотариат Кенгашининг вакили Валериу Эсану, Франция, Германия, Венгрия, Россия Федерацияси, Сингапур, Озарбайжон, Арманистон ва Грузия каби давлатларнинг нотариат соҳаси вакиллари, мамлакатимиз Олий суди ва Адлия вазирлиги вакиллари, шунингдек юртимизда фаолият олиб бораётган 100 нафарга яқин нотариуслар иштирок этди.
Тадбирда нотариат соҳасининг халқаро ва хорижий вакиллари ҳамда экспертлари, шунингдек мамлакатимиздаги соҳа мутахассислари томонидан соҳадаги муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, нотариал хизматларни кўрсатишда киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли дунёда нотариуснинг ижтимоий масъулияти, нотариат соҳасида электрон ҳужжатлар алмашинуви ва рақамли технологияларни қўллаш, масофадан туриб нотариал хизматларни кўрсатиш ҳамда нотариатнинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрни каби мавзуларда фикр алмашилиб, бу борада ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Форум иштирокчиларига Ўзбекистонда нотариат соҳасини рақамлаштиришда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, онлайн нотариал ҳаракатлар амалга ошириладиган “E-notarius.uz” ахборот тизими жорий этилганлиги, нотариал ҳаракат расмийлаштириш учун фуқаролардан талаб қилинадиган ҳужжатлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали нотариус томонидан мустақил равишда олиниши йўлга қўйилганлиги, мерос ишларида меросхўрлар доирасини аниқлаб берувчи “Шажара” дастури яратилганлиги, нотариал ҳаракатлар учун тўловларни автоматик ҳисоблаш тизими ва нотариус калькулятори ҳамда нотариал ҳаракатларнинг қонунийлигини таъминлаш мақсадида тарафларнинг бармоқ изларини сканер қилиш тизими жорий этилганлиги бўйича маълумотлар берилиб, улар билан тажриба алмашилди.
Шу билан бирга, Форум доирасида халқаро ва хорижий иштирокчилар Тошкент шаҳридаги нотариусларнинг иш фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Бундай кенгайтирилган ва профессионал форматдаги тадбир халқаро миқёсида Ўзбекистон нотариатининг ўрнини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва хорижий давлатлар ўртасида кенг ҳамкорлик ўрнатиш, уларнинг нотариат соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, соҳага замонавий технологияларни янада кенгроқ жорий этиш ҳамда жаҳондаги янги тенденцияларни таҳлил қилиш имконини беради.