Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 21 январь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги Вазиятлар маркази ва “Рақамли Тошкент” мажмуасига ташрифи чоғида вилоят ҳокимлиги ва йирик ташкилотларни ушбу мажмуа имкониятлари билан яқиндан таништириш каби қатор топшириқларни берган эди.
Таништириш семинарларида иштирок этиш жадвалига ҳудудлардан асосан хизматлар ва компаниялар вакиллари киритилган. Шу жумладан: вазирликлар (Адлия, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Туризм ва маданий мерос, Транспорт, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инновацион ривожланиш ва бошқалар) ходимлари, Монополияга қарши курашиш ва Божхона, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмиталари ходимлари ва бошқалар. Шунингдек, “Тошшаҳартрансхизмат”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари, “Тошиссиққуввати” давлат унитар корхонаси ва бошқа ташкилотлар мутахассислари.
Таништириш семинарлари интерактив тарзда ўтказилади. Иштирокчилар шаҳарнинг улкан харитасидаги турли фильтрлардан фойдаланиш йўли билан барча саволларга дарҳол жавоб оладилар. “Рақамли Тошкент” лойиҳаси тажрибасини бутун Республика бўйлаб кенгайтириш ҳамда оммалаштириш ҳудудларни оператив бошқариш ва уларнинг ривожланишини режалаштиришга самарали таъсир кўрсатади.
Ҳудудлар учун таништириш семинарлари 20 апрелга қадар давом этади.