Ягона ижтимоий реестр — бу идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда, давлат ижтимоий хизматларини кўрсатиш ва аҳолига бу борада ёрдам беришнинг ахборот тизими. Бу тизим нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини автоматлаштиришда инсон омилини, субективлик, коррупция ҳолатларини бартараф этиш, шаффофликни таъминлаш имконини беради...

Бундан икки йил муқаддам мутасаддилар шу каби илмий-назарий фикрларни мутахассисларга тушунтиришга киришганида, кўпчиликнинг кўзлари ёниб, “Қани энди, бу тизим тезроқ жорий этилсайди?!” дея орзуманд бўлса, қолганларининг кўнглидан “Бу ҳам навбатдаги мавсумий тадбир, иш барибир эскичасига кетаверади”, деган ўй ўтиб тургани ҳам бор гап эди.

Вақт — ҳакам. Ўтган давр мобайнида Ягона ижтимоий реестрни татбиқ этиш жараёнлари “Янги Ўзбекистон” газетасининг диққат марказида бўлиб келди ва бугунги мушоҳадаларимиз ҳам унинг узвий давоми ҳисобланади.

Ҳаммаси қандай бошланган эди?

Дунёга келган ҳар бир гўдак Яратганнинг инояти, ота-онанинг оқу қораси, жигар пораси. Ва лекин бу бахт ҳар бир оилага ҳар хил ижтимоий ҳолатда насиб этади. Шу боис ҳам уларнинг эҳтиёжманд қатламини давлат ўз ҳимоясига олади. Хусусан, бундай оилалардаги болаларнинг униб-ўсишини ижтимоий нафақа, моддий ёрдам орқали қўллаб-қуватлайди.

Ҳар бир мамлакатда унинг мезони ҳар хил. Юртимизда эса, илгарилари бу масала билан ҳар бир ҳудудда маҳалла раиси раҳбарлигида фаолият кўрсатган комиссиялар шуғулланиб келган. Улар эса, ўз навбатида, тасдиқланган тартиб-тамоиллар ва ўз ёндашувларидан келиб чиқиб, масалани ҳал қилишган ёки рад этишган.

Айтайлик, 14 ёшгача болалари бўлган она ижтимоий нафақа тайинлаш бўйича маҳаллага ариза берди. Котиба ўндан ортиқ ҳужжат қайд этилган рўйхатни қўлига тутқазади. Уларни йиғишга ҳафта-ўн кун вақт кетса, 15 нафардан иборат комиссия аъзолари тўпланиб, бир қарорга келиши учун ҳам камида шунча муддат керак бўлган. Ночор онанинг шунча сабр-тоқати ижобот бўлса-ку яхши, аммо комиссия аъзоларидан бири унинг боласи томимга тош отган қабилидаги гапни айтиб қолса борми, барча тазаррулар чиппакка чиқарди.

— Комиссияга ўз муаммонгни очиқ-ойдин айтолмайсан, андиша қиласан, — деган эди суҳбатларнинг бирида Гулистон шаҳрида истиқомат қилучи Малика Қосимова. — Шу маҳаллада яшаганингдан кейин, кўз-кўзга тушиб туради. Ҳужжатларинг қайтарилганда, уятдан ерга кириб кетгандай бўласан.

— Болаларга нафақа олиш учун, ҳатто, турмуш ўртоғингнинг ишлаш-ишламаслиги ҳақида қўни-қўшнилар имзолаган маълумотнома ҳам сўраларди, деб эслайди Дилдора Абиатова.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги қарорига асосан, мамлакатимизга ҳам “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими, деган тушунча кириб келди. Унинг тажрибавий лойиҳасини ўтказишга Сирдарё вилояти танланди ва 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бу ишга киришилди. Асосий мақсад бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш, 14 ёшгача болалари бўлган ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ҳамда давлат томонидан бошқа ижтимоий ёрдамларни тайинлаш, уларни тўлашнинг автоматлаштирилган механизмини татбиқ этишга қаратилган эди.

Янги тизимни шакллантириш учун ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан 510 минг долларлик маблағлар йўналтирилди, дейди Молия вазирлиги департаменти директори Нодир Муслитдинов. Энг аввало, Пенсия жамғармаси Сирдарё вилояти бошқармаси ва туман (шаҳар) бўлимларига 23 дона компьютер, 11 дона лазерли принтер ва планшетлар тақдим этилди. Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар тайинлаш ва уларнинг мониторингини амалга ошириш бўйича бошқарма ҳамда туман (шаҳар) бўлимларига 12 нафар ходим ишга қабул қилинди.

Янги тизим қандай ишлайди?

Электрон тизим лойиҳаси “Development Pathways” ихтисослаштирилган халқаро компанияси томонидан яратилди ва у орқали 9 та вазирлик, идоранинг (Давлат хизматлари агентлигининг ФҲДЁ бўлими, Молия вазирлиги ва Пенсия жамғармаси, Ўздавгеодезкадастр, Давлат солиқ қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат персоналлаштириш маркази, Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва “Халқ банки” АТБ) маълумотлар базалари билан реал вақт режимида электрон алмашуви асосида маълумотларнинг олиниши йўлга қўйилди.

Шу асосда нафақа бериш ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш жараёни тубдан соддалашди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида Ягона ижтимоий реестрга мурожаат қилиш учун эндиликда фақат муҳтож оила аъзоларининг паспорти, туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (болалар учун) ва никоҳни қайд этиш тўғрисида ҳужжат (мавжуд бўлганда) нусхалари керак бўлди. Улар маҳалла фуқаролар йиғини идоралари орқали Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилгандан сўнг ушбу маълумотлар реестрга киритилади.

Оиланинг муҳтожлигини аниқлаш учун зарур бўладиган бошқа маълумотлар (оила аъзолари даромадлари – иш ҳақи, пенсия, стипендия ва бошқалар, номида мавжуд кўчмас мол-мулки, автотранспорт воситалари, ишлаши ёки ишсизлиги ва бошқа ҳужжатлар) ахборот тизими орқали мутасадди идоралардан электрон тарзда олинади.

Бу оилаларга маълумотларни йиғиш каби сарсонгарчиликларга барҳам бергани ҳолда, кам таъминланганликни эътироф этиш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш жараёни максимал даражада шаффолашини таъмин этади. Якуний қарор фақат “Ягона ижтимоий реестр” ахборот тизимидаги эдектрон мезонлар асосида қабул қилинади. Якуний хабар СМС орқали мурожаатчига етказилади.

         Кейинги босқичларда бу тизим ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро ва оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган пул ёки маҳсулот кўринишидаги барча ёрдам турларини (болаларнинг бепул боғчага қатнаши, ўқувчиларни дарсликлар билан бепул таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул ёки имтиёзли тиббиёт хизматларини кўрсатиш, ипотека кредитлари учун бошланғич бадални тўлаш ва бошқа жиҳатларни) қамраб олиниши назарда тутилган.

Мухтасар айтганда, Сирдарё тажрибаси қисқа вақтда ҳар жиҳатдан ўзининг самарадор ва шаффофлигини амалда тасдиқлади.

Тажриба ўзини оқлади, хўш ундан кейин-чи?

Сочи оқарган авлод вакиллари яхши эслайди. Юзага келган тажриба роса мақталарди, татбиқ этиш учун намуна қилиб кўрсатиларди. Аслида ҳам унинг жорий этилиши ўз соҳаси ёки бошқа ҳудудлар учун моддий ва ижтимоий манфаат келтирарди. Лекин медалнинг иккинчи томони шунда эдики, янги лойиҳа ёки тажриба, айтайлик. агар ҳисоб-китоб тизимини тубдан ўзгартириш билан боғлиқ бўлса, бу айрим мутасадиларга “яширин” даромаддан келадиган улушнинг қисқаришига олиб келиши мумкин эди. Табиийки, бу уларга ёқадими? Албатта, йўқ. Натижада ўта самарадор тажриба бошқа ҳудудларга жорий этилмай, қумга сингган сувдай изсиз кетарди.

Тўғрисини айтганда, Сирдарёда ҳам Ягона ижтимоий реестрнинг пировард тақдирини шундай башорат қилганлар ҳам бўлди. Айниқса, қуйи бўғинда, маҳалла тизимида. Шукрким, уларнинг кутганлари рўёбга чиқмади, қайтангга, янги тизим респубдика бўйича ҳам кенг қамров касб этди. Чунки, уни жорий этишда инсон омилига, масъул мутахассисларнинг дунёқарашини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Яна бир муҳим жиҳати, тажриба-синов жараёнлари Вазирлар Маҳкамаси ва ЮНИСЕФнинг доимий эътибор марказида турди. Айрим йўналишларда аниқланган камчилик ва муаммолар таҳлил этила борилиб, электрон тизим янада такомиллаштирилди. Барча жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда, 2020 йил 15 майда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан вақтинчалик низом янгиланди.

Президентимиз раҳбарлигида ўтган йил 3 июнь куни ўтказилган йиғилишда, мутасаддиларга йил охиригача Ягона ижтимоий реестрга замин бўладиган янги тизимни вазирлик — вилоят — туман — маҳалла кесимида тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатма берилди. Лойиҳани амалга оширишда ЮНИСЕФ грантидан ташқари, Жаҳон банки томонидан ажратилган 5 миллион доллар ҳам қўл келмоқда.

— Сирдарё тажрибаси ўз самарасини кўрсатгани ҳисобга олиниб, Президентимизнинг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, — дейди Нодир Муслитдинов. — Унга мувофиқ, мазкур тизим 2020 йилнинг охирига қадар бошқа вилоятларда ҳам босқичма босқич татбиқ этилиши белгиланди. Бунинг натижасида барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши таъминланади. Ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 2020 йилнинг биринчи ярмида 600 минг нафар бўлса, бу кўрсаткични йил охиригача икки баробарга, 2021 йилда бир ярим миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилди.

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабр куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган “Ягона ижтимоий реестр”да “Темир дафтар”даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилиши белгилаб берилди. Ушбу вазифани тўлиқ ва сифатли бажариш мақсадида эса, 2021 йилда 9 та вазирлик ва идорадан қўшимча равишда 15 турдаги, бундан ташқари яна 12 та вазирлик ва идорадан 20 турдаги маълумот олиш бўйича ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.

Янги мезон ва келгуси режалар

Маълумки, барча замонавий ахборот тизимлари, шу жумладан, компьютер ва мобиль телефонларда ишлатиладиган барча турдаги дастурий таъминотлар тоборо такомиллаштириб боряпти. Ягона ижтимоий реестр ҳам давлатимизнинг бошқа соҳаларидаги маълумотларни рақамлаштириш ишларининг ривожи билан узвий боғлиқ бўлиб, кўшимча маълумотларни олиш, уларни таҳлил қилиш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни янада аниқроқ аниқлаш ва уларга манзилли, тўлақонли ёрдам кўрсатиш қамрови янада кенгайиб бораверади.

Яқинда Молия вазирлигида "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимининг функционал имкониятларини янада кенгайтиришга бағишланган йиғилишда, энг аввало, бу борада кейинги пайтда амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

2021-йилнинг бошига келиб, ижтимоий нафақа олувчилар сони ики баробарга ортиб,1,2 миллион оилага етди, деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Олимжон Умаров. Ягона ижтимоий реестр қисқа вақт ичида кам таъминланган оилаларни аниқлашга яқиндан кўмак берди ва уларга нафақаларни манзилли равишда етказиб бериш имкониятини яратди. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасида ҳар тўртинчи, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳар бешинчи оила ижтимоий нафақа олмоқда. Тақдим этилган давлат ижтимоий ёрдами, биринчи навбатда, болали оилаларнинг моддий аҳволини яхшилашга қаратиляпти.

Шу билан бирга, ариза бериш ва нафақа тайинлашдаги танлов мезонларида ҳам ўзгаришлар юз берди. Ягона ижтимоий реестрнинг вазирлик ва идоралар маълумотлар базаси билан интеграциялашувининг янада кенгайиши ариза бериш жараёнида тақдим этиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилди. Эндиликда оила аъзоларининг даромадлари, доимий яшаш учун рўйхатдан ўтганлик, оила таркиби тўғрисидаги ва меҳнат органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотномалар талаб қилинмайди.

 Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5-мартдаги қарорига мувофиқ, апрель ойидан бошлаб нафақалар тайинлашда янги мезонлар киритилди ва унда:

якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, ўзини ўзи банд қилган, ёки чорва моллари ва паррандалари мавжуд бўлган фуқароларга қўлланиладиган норматив даромадлар;

қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш бараваридан ортиқ бўлган қимматли қоғозларнинг мавжудлиги;

оила аъзоларининг депозит ҳисобварақларида маблағлар миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш бараваридан ортиқлиги ҳам инобатга олинадиган бўлинди.

Айни пайтда Ягона ижтимоий реестрнинг 11та вазирлик ва идоранинг электрон маьлумотлар базалари билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Яна тўртта муассаса билан интеграциялашиш жараёни кечяпти. Қолган 8 та вазирлик ва идора маълумотлар базалари билан қўшимча 19 турдаги ахборот алмашинувини амалга ошириш яқин келажак вазифалари сирасига киради.

 Тизимнинг функционал имкониятларининг янада кенгайишига келганда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ва оилаларнинг рўйхати ҳам ундан жой олади. Бунинг натижасида 30 дан ортиқ турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматларни электрон шаклда кўрсатиш имконияти юзага келади.

Мушоҳадаларга шу ўринда нуқта қўйиш мавриди келган эди. Лекин Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетовнинг 19 май куни Петербург халқаро юридик форумида сўзлаган нутқидаги бир неча маълумот уни давом эттиришга туртки берди. Яъни, адлия вазири Ўзбекистонда давлат органлари томонидан 18 турдаги маълумотномани талаб қилишнинг бекор қилиниши ҳар йили қарийб 15 миллион доллар маблағни иқтисод қилиш имконини бериб, 12 миллион нафар (аҳолининг 35 фоизи) фуқаронинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишини қайд этди.

Бу жараёнда Ягона ижтимоий реестрнинг ҳам муносиб ўрни борлигини таҳлилимиз давомида келтирган мисолларнинг ўзи кўрсатиб турибди. Чунки, мазкур тизим ҳозирнинг ўзида 20 дан ортиқ хизматни электрон шаклда бажариб бермоқда.

Яна бир диққатга молик жиҳати, рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобига Адлия вазирлиги ўтган йили 100 тонна қоғоз, лицензия ва рухсатномаларнинг махсус бланкаларда расмийлаштирилишидан воз кечилиши ҳамда электрон ҳужжатлар беришга тўлиқ ўтилиши натижасида 1,5 миллион доллардан зиёд маблағни иқтисод қилган.

         Ягона ижтимоий реестрнинг бу йўналишлардаги самараларини сарҳисоб қилиш мутасадди идораларнинг ўзига ҳавола. Бироқ, Адлия вазирлигининг ушбу таҳлилини ижтимоий тизимнинг молийвий жиҳатларига қиёслайдиган бўлсак, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки томонидан ажратилган 5,5 миллион долларлик жами маблағнинг қисқа фурсатда қопланишига ва ундан кейин узоқ йиллар беминнат хизмат қилишига доир хулоса келамиз.

         Энг асосийси, юртимиздаги барча эҳтиёжманд оила ва фуқароларга бир мезон асосида ижтимоий хизмат кўрсатишнинг шаффоф электрон хизмати йўлга қўйилди. Ушбу эзгу ишга камарбаста бўлаётганлар эса, унинг фаолият доирасини тобора такомиллаштириб ва кенгайтириб бориши ҳар йили миллионлаб эҳтиёжманд оилаларнинг дардига дармон, рўзғорлари бутлигига молиявий таянч бўлади. Демакки, оилаларга кириб келган қувонч улар меҳнатига берилган баҳо, ўксик кўнгилларнинг дуоси эса, ҳар қандай киши қалбини нурафшон этади.

Алқисса, ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек,

“Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай.”

Яъниким, ким кўнгли ўксик бир инсонни мамнун этса, йиқилган Каъбани қайтадан қурган, таъмирлаган каби савобга ноил бўлади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи