Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида алоҳида таъкидланганидек, энди мамлакатимизнинг меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида — касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур. Шунингдек, дуал таълим асосида даромад топиш ва ўқитишни самарали ташкил қилган корхоналарга имтиёзлар бериш кўзда тутилган.
Рақамли юридик таълимдан асосий мақсад замонавий ва фидойи ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашдир. Шу боис, юридик клиника рақамли юридик таълим ҳамда амалиёт интеграциялашувида ғоят муҳим. Анъанавий клиник фаолиятдан фарқли равишда рақамли юридик клиникалар орқали талабалар аҳолига онлайн ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, электрон мурожаатлар билан ишлаш, рақамли платформаларда ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш ҳамда масофавий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу нафақат талабаларнинг амалий кўникмаcини оширади, балки аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Шу билан бирга, дуал таълим рақамли юридик таълимни самарали жорий этишда алоҳида аҳамиятга эга. Дуал юридик таълимнинг афзалликларини қатор омиллар асосида тавсифлаб бериш мумкин.
Биринчидан, олий юридик таълим муассасасида билим ва юридик амалий фаолият уйғунлаштирилади.
Иккинчидан, мукаммал касбий билимларни эгаллаган малакали юрист мутахассислар ва педагоглардан бир вақтда таълим олиш учун шароит яратилади.
Учинчидан, ҳуқуқни қўлловчи идора ва ташкилотнинг тажрибали мутахассисларини педагогик фаолиятга жалб этиш ҳамда интеграциялашган касбий алоқаларни шакллантириш, юридик фаолият соҳасига мослашиш учун шароит вужудга келади.
Қолаверса, юридик соҳада дуал таълим рақамли судлар, электрон нотариат, онлайн адвокатлик хизматлари,онлайн медиация,онлайн ҳакамлик суди, онлайн халқаро тижорат арбитражи ва давлат органларининг ахборот тизимлари билан бевосита ишлаш орқали талабаларни реал юридик меҳнат бозорига тайёрлайди. Ижтимоий давлат нуқтаи назаридан қараганда, рақамли юридик таълимни юридик клиникалар ва дуал таълим билан интеграциялаш ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш ҳамда малакали, рақамли ва касбий ваколатларга эга ҳуқуқшунослар корпусини шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий ва ҳуқуқий давлат ҳамда фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида муҳим қадамдир.
Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши, одил судлов жараёни “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этилиши, энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилиши алоҳида таъкидланди. Жорий йилдан тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколати берилиши айтилди. Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли оширилади. Жиноят процессига “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Бунда ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.
Шунингдек, мажбурий ижро жараёнида самарали муқобил механизмлар қўлланади. Соҳага сунъий интеллект жорий этилиб, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилади. Мана шу омиллар замонавий юрист кадрларга эҳтиёжни оширади. Шу маънода, Президентимизнинг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида “Таълим сифатини ошириш — янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир” деган устувор ғоя асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш, юридик таълим, илм-фан ва амалиёт боғлиқлигини таъминлаш асосий вазифалар сифатида белгиланган. Бунда таълим — тадқиқот — амалиёт интеграциясини йўлга қўйиш, бошқарувда академик-коллегиал ёндашувларни янада кенгайтириш истиқболли вазифалардан. Энг муҳими, юридик клиника ва дуал таълим самарадорлиги ҳамда сифати устидан назоратни кучайтириш талаб этилади. Фармондан келиб чиқиб, Тошкент давлат юридик университетида “Рақамли ҳуқуқ” (Digital Law) халқаро таълим йўналиши жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга. Бунда, энг аввало, мазкур йўналишга ўқишга қабул қилиш танлови халқаро стандартларга мувофиқ ихтисослашган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда IQ тест тартибида ўтказилади. Танловда чет тиллар бўйича B2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши белгиланган. Шунингдек, ўқув жараёни инглиз ва бошқа тилларда олиб борилиши ҳамда ўқув жараёнига етук хорижий профессор-ўқитувчилар жалб этилиши назарда тутилган.
Жаҳонда глобал рақамлашув жараёни жадал ривожланиши, ахборот-коммуникация технологияларининг таълим тизимига кенг жорий этилиши ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг чуқурлашуви юридик таълимни тубдан трансформация қилиш заруратини юзага келтирмоқда. Бундай шароитда юридик фаолиятининг асосий барча йўналишини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллектни оқилона ва хавфсиз татбиқ этиш тақозо этилади. Талаб энг юқори бўлган йўналиш — рақамли ҳуқуқ соҳасидаги мутахассис, бошқача айтганда, АT юрист мутахассислигидир. Ахборот технологиялари бўйича билимга эга бўлмаган юристлар АT соҳасига оид ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда ваколатлиликни таъминлашга эришиши жуда қийин. Ҳолбуки, янги замонавий рақамли ҳуқуқий технологик ихтисослик ҳуқуқшунос мутахассисларни малакали тайёрлаш ва амалий кўникмаларини ривожлантиришда креатив ёндашувни ишлаб чиқишни талаб қилади. Мураккаб жиҳати шундаки, АT юристнинг шаклланиши кенг кўламли стандарт ва малака талаблари билан боғлиқликда ёрқин намоён бўлади.
Рақамли трансформациялашув шароитида ҳуқуқ соҳасида фаолият юритувчи мутахассис бир вақтнинг ўзида ҳуқуқнинг бир неча соҳаси бўйича касбий билим ва кўникмага эга бўлиши лозим. Рақамли технологияларни мукаммал эгаллаган юқори малакали, касбий маҳоратга эга юрист мижозининг муаммоси моҳиятини жуда тез англаб етади.
Фармонда назарда тутилган энг муҳим масалалардан бири Тошкент давлат юридик университетида тажриба тариқасида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими жорий этилишидир. Бунда иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи (назарий қисмлари)ни аудиторияларда, 50 фоизи (амалиёт қисми)ни суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Хорижий тажрибада дуал (амалиётга йўналтирилган) таълимни клиник юридик таълим билан (реал кейсларни ҳал қилиш орқали амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган) уйғунлаштириш кенг қўлланади. Бу ёндашув стажировкалар, юридик клиникалардаги амалиёт, симуляция машғулотлари ва менторлик асосидаги ўқитиш орқали малакали юристлар тайёрлашга хизмат қилади. Назария билан амалиётни интеграция қилиш касбий ваколатлилик ва ахлоқий стандартларни шакллантиради. Айниқса, бундай тажриба АҚШ ва Европа мамлакатларида кенг тарқалган. Япония ва Канадада ҳам ўзига хос тажриба шаклланган.
Дастлаб АҚШда шаклланган клиник таълимда талабаларга ўқитувчилар назоратида реал ўқув ва амалий ишлар билан шуғулланиш имкони берилади. Юридик клиникалар орқали кам таъминланган аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади, амалий кўникмалар ривожлантирилади. Шунга монанд тарзда дуал тизим эса стажировкалар, юридик фирмаларда ўқиш ва ишлашни қамраб олади. Бу жараён талабаларни битиргунча касбий муҳитга мослаштиради. Бундай амалиёт Буюк Британия ва Австралияда ҳам кенг қўлланади.
Хорижий давлатлар, хусусан, Германияда юриспруденция соҳасидаги дуал таълим тизими олий таълим муассасасидаги назарий ўқишни корхоналарда (юридик фирмалар, давлат органлари) ҳақ тўланадиган амалиёт билан уйғунлаштиради. Бу тизим 3-4 йиллик амалий тажрибага эга бўлган тайёр мутахассисни шакллантиради ва битирувчиларга ишга дарҳол кириш имконини беради. Натижада талаба икки диплом ёки икки хил малакага эга бўлади. Ҳозир ушбу модель бошқа мамлакатларда ҳам жорий этиш учун фаол ўрганилмоқда. Асосий элементлари — талаба, олий таълим муассасаси ва иш берувчи ўртасидаги уч томонлама шартнома, доимий амалиёт ва меҳнатга ҳақ тўланиши бўлиб, бу академик тайёргарлик билан меҳнат бозорининг реал талаблари ўртасидаги тафовутни камайтиради.
Амалдаги юридик клиника ва дуал таълим стандарти фақат айрим фанни назарда тутади. Бу эса касбий фаолият рақамлаштирилиши шароитида мутлақо етарли эмас. Шундан келиб чиқиб, юристларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш анъанавий методлар, усуллар ва воситаларни замонавий, рақамли технологиялардан самарали фойдаланишга асосланган ўқитиш усуллари билан уйғунлаштиришга таяниши лозим деган хулосага келиш мумкин. Рақамли экотизимни шакллантириш шароитида бўлажак ҳуқуқшуносларнинг юридик клиника ва дуал таълимни уйғунлаштириш асосида касбий таълим олиш сифати ҳамда самарадорлигини ошириш малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашнинг муҳим шартидир.
Шуҳрат РЎЗИНАЗАРОВ,
юридик фанлар доктори, профессор