Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 22-28 май кунлари илк бор бизнинг мамлакатимизда “Евроосиё халқаро театр санъати” фестивали бўлиб ўтди.
Бир ҳафта давом этган нуфузли тадбирда Ўзбекистонда илк бор ўтказилган Халқаро театр санъати фестивали доирасида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Белорусия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Туркманистон ҳамда республикамиз театр жамоалари ўз спектакллари билан муваффақиятли иштирок этди.
Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими пойтахтимиздаги Туркистон санъат саройида бўлиб ўтди.
— Биринчи марта Евроосиё театр санъати фестивали Ўзбекистонда ташкил этилди. Албатта, камчиликлар, ўзига хос қийинчиликлар бўлади. Нима бўлган тақдирда ҳам ўйлаймизки, театр ҳафталиги — дўстлик ҳафтаси бўлди. Шунингдек, барча театр фидойилари учун манфаатли бўлди, дейиш мумкин. Очиғи, биз мусобақалашишни назарда тутмадик. Биз ҳамкорлик қилмоқчимиз. Кўпроқ дўстлар орттирмоқчимиз. Зеро, бугунги кунда дунёда инсон маданиятига бирмунча путур етди. Ер юзидаги кўплаб муаммолар мана шу жиҳатга бориб тақаляпти. Инсон маданиятини шакллантиришда эса, театрлар муҳим ўрин тутади. Дунёга маърифат, маънавият билан таъсир ўтказиши мумкин бўлган санъат тури — театр экан, дунё — бу биз, атрофдаги дўстларимиз. Бугун ана шу дўстларимиз, ижодий ҳамкорларимиз билан театрларга томошабинларнинг ташриф буюришида, спектаклларга бўлган муносабатда кузатилаётган муаммолар юзасидан ҳам ҳамфикр бўлдик. Айни масалалар юзасидан биргаликда бош қотиряпмиз, мулоҳаза юритяпмиз. Зеро, айни пайтда давлатимиз раҳбари юритаётган халқаро сиёсатнинг негизида ҳам дунё билан рақобатлашиб эмас, ҳамкорликда ривожланиш мақсади тургани бежиз эмас. Шундай экан, биз дўстлик байроғи остида бирлашяпмиз. Театрларимиздаги ютуқларни ҳам, муаммоларни ҳам барчамиз ўзимизники деб қабул қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бу эса, театрлар олдида турган оғриқли муаммоларга ечим топишда катта ўрин тутади, — деди Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков.
Маданият вазири фестивалнинг фахрий меҳмонларини эсдалик совғалари билан самимий қутлар экан, уларнинг ҳар бирига алоҳида миннатдорлик билдирди.
— Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган Халқаро фестиваллар бутун дунёни бирлаштиряпти, дейиш мумкин. Шундоқ ҳам Қирғизистон билан Ўзбекистон асрлар давомида биродар бўлиб келган, — дея сўз бошлади Қирғизистон республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари Ғайрат Имоналиев. — Ўйлайманки, Евроосиё театрлари бошини бириктираётган ушбу фестивалнинг ҳам келажаги буюк бўлади. Нуфузли тадбирнинг биринчи бор Тошкентда бўлаётгани ҳам жуда тўғри. Ўзбекистон қадимий, юксак маданият бешиги. Кўплаб моҳир актёрларимиз Тошкентда таълим олган. Шунинг учун Ўзбекистонга ошиқиб, қувонч билан келишади. Аввало, юртингизда маданият соҳасига жиддий эътибор қаратётгани учун Шавкат Мирзиёевга, халқлар дўстлигини мустаҳкамлаётган халқаро фестивалларни ташкиллаштираётгани учун Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлигига чексиз миннатдорлик билдираман.
Шунингдек, туркманистонлик, франциялик, озарбайжонлик ва бошқа хорижлик иштирокчилар таниқли театр санъати вакиллари ҳам айни шу тарзда Ўзбекистон билан маданий алоқаларнинг, биродарлик ришталарининг мустаҳкамланаётганидан миннатдорлигини билдирди.
Фестивал айниқса театр санъатининг ёш вакилларига улкан тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади, деган умидамиз. Ўзбекистон давлат драма театри актрисаси Гулруҳ Пирназарова бу борадаги фикларини айтар экан, шундай деди:
— Ҳамма актёр ва акрисаларнинг ҳам турли давлатларга бориб, уларнинг спектаклларни томоша қилиб келиш имкони бўлавермайди. Интернет орқали кўриш эса бошқа нарса, зеро театр жонли санъат. Ёш актриса чет эллик театр санъати вакиллари уни саҳнадан ташқари ҳолатда ҳам танигани, “О, Жульетта” дея эътироф этганидан бахтиёр.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири