Қўмита маълумотига кўра, сўнгги вақтларда мазкур авиакомпаниялар фаолияти бўйича мурожаатлар кескин кўпайган. Хусусан, авиа қатновлар бўйича истеъмолчилардан 2025 йилда 127 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида уларнинг сони 145 тага етган.
Таҳлиллар давомида кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиш, парвозларнинг белгиланган вақтга риоя қилинмасдан кечикиши, шунингдек, сифатсиз хизмат кўрсатиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланган.
Мурожаатларда асосан йўловчиларга хизматлар ҳақида етарли маълумот берилмаслиги, олдиндан чипта расмийлаштирган йўловчиларга жой ажратиш рад этилиши, рейсларнинг бир неча соатга кечикиши ҳамда етказилган зарар учун компенсация ёки қўшимча хизматлар тақдим этилмаётгани юзасидан эътирозлар билдирилган.
Қўмита ўрганишларида айрим ҳолатларда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, ҳаво транспортида йўловчи ташиш қоидалари ва бошқа меъёрий талабларга тўлиқ риоя қилинмаётгани маълум бўлган.
Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси “Centrum Air” ва “Qanot Sharq” томонидан йўловчи ташишда рейсларнинг кечикиши, самолётлардаги техник носозликлар ҳамда хизмат сифати билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқиш ва тегишли чоралар белгилаш бўйича Фуқаро авиацияси агентлигига сўров киритган.
Шунингдек, қўмита 2025–2026 йилларда республикада фаолият юритаётган барча авиакомпаниялар кесимида рейсларнинг кечикиши, унинг сабаблари ва йўловчиларга тўланган компенсациялар юзасидан таҳлилий ўрганишларни давом эттираётганини маълум қилди.