Бу ҳақда Қўмита ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, янги йил байрами олдидан савдо жадаллиги ортиши муносабати билан кўплаб дўконлар, онлайн савдо майдонлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан “50% чегирма”, “бирини олинг — иккинчиси текин”, “фақат бугун”, “йилнинг энг катта акцияси” каби эълонлар тарқалмоқда.
Қўмита бу каби таклифлар истеъмолчилар манфаати йўлида амалга оширилса, уларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Бироқ айрим тадбиркорлар ўз манфаатини кўзлаб чегирмаларни сунъий равишда бўрттириши, товарнинг аввалги реал нархини ошириб қўйиб, чегирма қўйилгандек кўрсатиши, ёки акция ҳақидаги муҳим маълумотларни яшириши ҳолатлари аниқланмоқда.
Рақобат қўмитаси маълум қилишича, жорий йил давомида келиб тушган 48 мингдан зиёд мурожаатнинг асосий қисми — истеъмолчиларга чегирма ёки акция ҳақида нотўғри, чалғитувчи ва тўлиқ бўлмаган ахборот берилгани билан боғлиқ.
Бундай холатлар, айниқса, онлайн савдо платформалари ва кичик чакана савдо нуқталарида кўпроқ учраётгани қайд этилган.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Чакана савдо қоидаларига кўра, ҳар бир сотувчи:
- чегирма қўйилган товарнинг охирги 30 кундаги энг паст нархини қайд этиши,
- чегирма миқдорини аниқ фоиз ёки суммада кўрсатиши,
- чегирма қўлланиладиган товар сони чекланган бўлса — бундан истеъмолчини олдиндан хабардор қилиши,
- чегирманинг бошланиш ва тугаш санасини ёзиши,
- истеъмолчи талаб қилганда товарнинг чегирмагача бўлган нархи ҳақида аноқ маълумот тақдим этиши,
- агар чегирма шахсий маълумотларни тақдим этиш эвазига амалга оширилса — бу маълумотлар қандай қайта ишланиши ҳақида олдиндан маълум қилиши шарт.
Шу билан бирга, айрим товарлар бўйича чегирма ёки рағбатлантирувчи акциялар умуман тақиқланган. Жумладан:
- алкоголь маҳсулотлари,
- тамаки ва никотин истеъмол қилинишига мўлжалланган воситалар,
- дори воситалари ва БАДлар,
- энергетик ичимликлар.
Уларни реклама қилишда чегирма, бонус, беллашув ёки “ўйин” тарзидаги рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш қатъий тақиқланади.
Рақобат қўмитаси тадбиркорлик субъектларини қонунчилик талабларини бузмасликка, истеъмолчини чалғитмасликка чақирди. Ёлғон чегирма ёки сохта акция аниқланган тақдирда молиявий жарима, белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари, реклама фаолиятини тўхтатиш каби қатъий санкциялар қўлланилиши белгиланди.
Қўмита тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам ва тушунтириш ишларини ўтказишга тайёр эканини ҳам қайд этди.