Мамлакатимизда эркин бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Тадбиркорликка кенг йўл очиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳимоясини таъминлаш мақсадида бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий асослари, қонунчилик базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, уларнинг фаолиятига халал бераётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриляпти. 

Жаҳон банкининг бизнес соҳасидаги яқинда эълон қилинган халқаро рейтингида Ўзбекистон  жаҳондаги энг илғор 10 та ислоҳотчи давлат қаторидан жой олди. Мазкур натижага асосий омил сифатида қатор саъй­ҳаракатларни кўрсатиш мумкин. Жумладан, ўтган йил мобайнида бизнес учун мўлжалланган 55 мингдан ортиқ бино ва иншоот барпо этилди. Пул айланмасини 1 миллион АҚШ долларидан оширган тадбиркорлар сони 5 мингга кўпайиб, 26 минг нафарни ташкил этди.

Экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етиб, жами экспорт ҳажми 30 фоиз ошди.  Президентимизнинг шу йил 22 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқоти доирасида 12 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушганди. Уларда кўтарилган тизимли муаммолар ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш ҳамда очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 августдаги қарори қабул қилинди. Мамлакатимиз иқтисoдиётининг барқарор ривожланишини таъминлашда тадбиркорлик сектори муҳим роль ўйнаяпти.

Зотан, Янги  Ўзбекистон модернизациялашган иқтисодиётга таянади. Бундай иқтисодиётни шакллантириш учун унда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳимоясини ва ролини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини давлатимиз раҳбари ҳар бир йиғилишда алоҳида таъкидлайди.

Президентимиз ўтган ҳафтада Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида ўтказилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш мажлисида сўзлаган нутқида минтақада мавжуд 6 та муаммоли йўналиш бўйича асосли таклифларини илгари сурди. Жумладан, Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш­логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш ҳисобига кучайтириш, озиқ­овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатлараро иқтисодий интеграцияни йўлга қўйиш борасида сўз юритар экан, бу саъй­ҳаракатлар рўёби тадбиркорларимиз олдига фақат маҳаллий бозор билан чекланмай, етиштираётган ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш, халқаро савдо платформаси талабларига мослашиш вазифасини қўяди. Бунинг учун ишбилармонларга халқаро савдога доир тушунча ва билим, методик ёрдам керак. Маҳсулотини экспорт қилиш учун зарур йўлйўриқ, тегишли йўлланма ва йўл харитасига эга бўлмаган, дунё бозоридаги замонавий тенденциялардан бехабар тадбиркор давлат берган кредит ва имтиёзлардан самарали фойдалана олмайди.

Бу масала нафақат Ўзбекистонда, балки бош қа мамлакатларда ҳам долзарб. Шу боис, кўплаб давлатлар бизнес доира вакилларининг билими ва тажрибасини оширишда ЖСТ ва БМТнинг қўшма агентлиги бўлган Халқаро савдо маркази академияси кўмагига таянади. У тижорат бўйича нуфузли онлайн таълим ташкилоти бўлиб, ҳар йили олтмишдан ортиқ курсларни таклиф қилади. Йигирма мингдан ортиқ одам халқаро миқёсда тижорат юритиш борасида билимини оширади.

Марказ ҳамкорлар билан бирга хусусий сектор, савдони қўллаб-­қувватлаш институтлари, инвестициялар учун инклюзив ва барқарор савдони ривожлантириш ечимларини тақдим этиш орқали иқтисодиёти ўтиш даврида бўлган мамлакатлар аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури мақсадларига ҳисса қўшиш, бизнесни минтақавий ва глобал бозорлар билан боғлашни мақсад қилган. Халқаро савдо маркази Марказий Осиёда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Ready4Trade Central Asia номли савдо техник ёрдам лойиҳасини амалга оширмоқда.

Бу лойиҳа кичик бизнес корхоналари учун процессуал ва тартибга солувчи трансчегаравий талабларни қамраб оладиган халқаро менежментни ўқитиш дастурини ишлаб чиқади ва амалга оширади. Бой тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Хал қаро савдо марказининг институционал ҳамкори сифатида танланди. Шу йил 16 февраль куни Халқаро савдо маркази ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида Ready4Trade Central Asia лойиҳаси доирасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Жорий йилнинг 14 сентябрида Марказий Осиёда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини рағбатлантириш мақсадида “Ўқитишни ташкил этиш ва курс дастурлари мазмуни” компонентининг онлайн муҳокамаси бўлиб ўтди. Ўқув дастури кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига амалий машғулотлар ҳамда ҳаётий мисоллар орқали ўз маҳсулотларини минтақавий ва халқаро миқёсда экспорт қилиш учун яхшироқ тайёргарлик кўришга ёрдам бериши кутилмоқда. Ўқув курсларида электрон таълим платформаси орқали онлайн ҳамда бевосита қатнашиш мумкин.

Шу йилнинг ёзида инструкторлар Тошкентда қатор офлайн семинарлар ўтказди. Келгуси йилда Фарғона, Бухоро, Хоразм ва Наманган вилоятларида семинарлар ўтказиш режалаштирилган. Дастурни муваффақиятли тугатган иштирокчилар онлайн тасдиқдан ўтган халқаро сертификатга эга бўлади. Барча курс лар текин. Ўзбекистонда кичик бизнес учун экспорт ва халқаро савдони ўқитиш дастури йўлга қўйилади.

Шу йил 22 сентябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ушбу дастурнинг тақдимоти бўлиб ўтди. 23–24 сентябрь кунлари университет ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиёт ини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий­тадқиқот марказида тадбиркорлар ва бизнес вакиллари учун халқаро семинар­тренинг ташкил қилинди. Дастур орқали тадбиркорлар халқаро савдо, экспорт тартиб-­қоидалари, транзит йўллар, сифат ва мувофиқлик стандартлари, шунингдек, Европа Иттифоқи бозорининг ўзига хос талаблари билан танишиб, малака ошириши мумкин.

Тренинг дастурини Халқаро савдо маркази ишлаб чиққан. Дастур Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги экспортчиларнинг ўзига хос муаммолари ечимига қаратилган. Ушбу курс орқали тадбиркорлар халқаро меҳнат бозорига чиқиш қийин эмаслигини тушунади. Тўртта модуль орқали тренерлар талаб этиладиган ҳужжатлар ҳамда жараёнлар ҳақида маълумот беради. Бунинг учун тренерлар йил давомида ўқитилди. Асосий вазифа вилоятларда ҳам ёш тадбиркорларда экспорт бўйича керакли кўникмаларни ҳосил қилишдан иборат.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ready4Trade Central Asia лойиҳасининг ўқув курс лари методологиясини янги таълим технологиялари сифатида ўқув жараёнига жорий қилиш имкониятини  юқори баҳолади. Кичик бизнес учун экспорт ва халқаро савдо бўйича бепул курслар иккита қулай форматда тақдим этилади: электрон онлайн курслар ва Ready4Trade Central Asia лойиҳаси доирасида тайёрланган тренерлар бошчилигидаги амалий семинарлар. Курсларда тингловчилар Ўзбекистондан Европа Иттифоқи мамлакатларига товар экспорт қилишни, бизнесни экспорт фаолиятига йўналтириш йўл-­йўриқлари, ҳужжатларни расмийлаштириш учун зарур талаблар ва керакли сертификатларни қаердан олиш халқаро савдо қоидалари ва экспорт жараёнининг муҳим жиҳатларини ўрганади.

Ўзбекистонда трансчегаравий савдони бошқариш бўйича Халқаро савдо маркази ишлаб чиққан ўқув дастури 10 модулдан иборат бўлади. Бу дастур Тошкент давлат иқтисодиёт университети инструкторлари иштирокида онлайн форматда ва кундузги ўқув семинарлари шаклида ташкил этилади. Ушбу модуллар 2023 йил охиригача аста­секин жорий этилади. Дастлабки тўртта модуль 2022 йилда таклиф қилинган.

Биринчи модулда тингловчилар халқаро савдо қоидаларидан хабардор бўлади. Жумладан, мамлакатлар нима учун савдо қоидаларини белгилаши, ушбу қоидалар қандай амалга оширилиши ва экспортчиларга қандай таъсир қилиши, маҳсулотни арзонлаштириш, экспорт қилувчи учун савдони осонлаштиришнинг аҳамиятини тушунади.

Иккинчи модуль экспорт жараёнини тушунтиришга қаратилган. У орқали ички савдо ва экспорт ўртасидаги асосий фарқ, экспорт учун зарур ҳужжатлар ва стандарт жараёнлар, экспорт хатари ҳамда уни камайтириш усуллари ўргатилади. Ушбу модулда тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотини экспорт қилишга тайёргарлик кўриш, мазкур жараённинг турли босқичи, унда иштирок этувчи ташкилотлар ва экспорт пайтида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни бошқаришни билиб олади.

Европа Иттифоқи бозор талаблари ҳақида учинчи модулда маълумот берилади. Тадбиркорлик субъектлари кўҳна қитъа билан савдо фаолиятини амалга оширишда Европа бозорининг муайян талабларига, хусусан, сифат ва хавфсизлик стандартлари, қадоқлаш ва маркировка, товарларнинг келиб чиқишини кўрсатиш қоидалари, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя қилиши кераклиги ўргатилади.

Сифат ва мувофиқлик стандартлари қандай? Экспортчилар уларга риоя этиш учун нима қилиши керак? Бу каби саволларга тўртинчи модуль орқали жавоб олинади. Бир томондан, бундай стандартлар истеъмолчилар, маҳаллий корхоналарнинг ҳақ­ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, иккинчи томондан, белгиланган қоидаларга риоя қилиш талаблари мамлакатга қараб ўзгаради. Бундан ташқари, сифат сертификатини олиш учун аккредитациядан ўтган лабораториялар маҳсулот экспорт қилинадиган мамлакатда ҳар доим ҳам мавжуд бўлавермайди.

Ушбу модулда экспортчилар турли сифат ва мувофиқлик стандартлари, қайси жараён қандай стандартларга мос келиши ва уларни амалга оширишда экспортчилар вазифалари ҳақида тушунча берилади. Президентимизнинг шу йил 30 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида экспорт қилувчи тадбиркорларнинг хуқуқий ҳимояси янада мустаҳкамланди.

Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмайди. Экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг экспорт қилувчи ташкилотлари очиқ танлов орқали сараланиб олинади ҳамда уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб­қувватлаш мақсадида “Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури амалга оширилади. Ready4Trade Central Asia лойиҳаси доирасида бериладиган билим ва тушунчалар маҳаллий экспортёрларнинг жаҳон бозорига чиқиши, юртимизда яратилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланишида ўзига хос пиллапоя вазифасини ўтайди.