Шу йил 16 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортида “Истанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган ҳамда божхонадан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган йўловчилардан бирига тегишли багаж белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада багажда, юклар орасида кроссовка ичида йўловчи божхона декларациясида қайд этилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида ҳам маълум қилинмаган 33 дона электрон тамаки чекишга мўлжалланган ручкасимон вейп қурилмаси ҳамда уларни қувватловчи 32 дона мослама борлиги аниқланди.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас! Юклар орасида божхона ходимларини шубҳалантирган регби коптоги очиб кўрилганида ичида мато ўрами орасига яширилган ўзидан ўткир ҳид таратаётган 3 турдаги 72 дона ампула борлиги аниқланди. Ампулалардаги модда эса гашиш мойи бўлиб, бу уларнинг қадоғида ҳам акс эттирилган.

Мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган товарларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 150 млн сўмдан ошмоқда. Аммо бу наркотик моддаларнинг етказиши мумкин бўлган салбий оқибатлари олдида ҳеч нарса эмас.

Суриштирувлар давомида ушбу наркотик моддаларни олиб ўтишга уринган шахс бу юк ўзига тегишли эмаслигини, бировнинг илтимосига биноан олиб ўтаётганини билдирди ва буни тасдиқловчи ўзаро ёзишмаларни ҳам тақдим қилди. Лекин бу энди уни жавобгарликдан озод этадими? Албатта, йўқ.

Фурсатдан фойдаланиб, хорижга кетаётган ва юртимизга қайтаётган юртдошларимизга мурожаат қиламиз. Ҳеч қачон бегона шахсларнинг илтимосига биноан ёки моддий манфаатдорлик эвазига ўзгаларнинг юкини божхонадан олиб ўтиб беришга ҳаракат қилманг.

Ҳозир юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарида.