Бугун олий таълим муассасаларида ёшлар иттифоқи етакчиси томонидан амалга ошириладиган ишларнинг ҳар бир талаба ҳаётида акс этиши гуруҳ етакчиларига боғлиқ. Улар томонидан лойиҳаларнинг натижали амалга ошиши учун эса етакчиларга мотивация керак.
Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халққа йўллаган Мурожаатномасида кўтарилган энг устувор йўналиш ёшларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ташаббускор ёшларни тарбиялашда ҳам аҳамиятлидир. Шунга мувофиқ, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга мотивация беришни гуруҳ етакчиларидан бошлади.
Ректор университетнинг педагогика ва психология факултети 1-курс гуруҳларининг ёшлар иттифоқи етакчиларини тақдирлади. А.Умаров тақдирлаш жараёнида ҳар бир гуруҳга кириб, жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутиши, шу сабабли ислоҳотлар кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларга таянишини айтди ҳамда талабаларга омад ва зафарлар тилади.
Якунда мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратиш кераклигини ва давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон ёшлар форумида айтилган “Янги Ўзбекистонни ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз!” деган шиорни эслатиб ўтди.
Тақдирлаш жараёнида гуруҳ етакчиларига университет ректори ишонч ёрлиқлари, етакчилик гувоҳномалари, махсус кўкрак нишонларини топширди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ҳамда таклиф ва ташаббусларини билдирди. Гуруҳ етакчилари ректор билдирган ишонч учун миннатдорлик айтиб, бор куч-ғайратини, билим ва салоҳиятини университет нуфузини оширишга сафарбар этишини таъкидлади.