Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан “Янги Ўзбекистон” университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича “Ректорлар мактаби” дастури (Дастур) йўлга қўйилади.

Дастур давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар захирасини шакллантириш мақсадида ташкил этилади.

Дастур доирасида қуйидаги мезонларга мос келувчи шахслар очиқ танлов асосида ўқишга қабул қилинади:

  • 30 ёшга тўлган;
  • камида магистр академик даражасига эга; 
  • олий таълим соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга, шу жумладан, 2 йил раҳбарлик лавозимларида ишлаган .

Дастур тингловчиларида қуйидаги йўналишларда билим ва кўникмалар ривожлантирилади:

  • академик, молиявий, илмий ва инновацион бошқарув;
  • сунъий интеллект ва рақамлаштириш;
  • стратегик бошқарув ва трансформация .

Дастурнинг ўқув жараёнлари масофавий (онлайн) ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (оффлайн) 6 ойгача бўлган муддатда ташкил этилади.

Дастурга ҳар йили 80 нафар тингловчи қабул қилинади.

Дастур якунлари бўйича энг яхши натижа кўрсатган 40 нафаргача тингловчи Гарвард университети (АҚШ) ва (ёки) бошқа хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юборилади.