Ижтимоий тармоқлардаги бир қанча ахборот манбаларида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди судьяси томонидан жорий йилнинг “16 апрель” куни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмаган фуқарони гўёки шу куни Тошкент шаҳрида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топиб, жазо тайинлангани ҳақидаги хабарлар катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Аниқланишича, шу йилнинг 17 май куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида У. Р.га доир маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилиб, тегишли жазо тайинланган. Суд қарорида ҳуқуқбузарлик содир этилган сана “16 апрель” дея қайд этилган бўлса-да, мазкур ҳолат техник хатолик бўлиб, судья томонидан ўша вақтнинг ўзида қўшимча қарор чиқариш йўли билан бартараф этилган.
Қўшимча қилинадики, жорий йилнинг 16 май куни содир этилган ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш материаллари 17 май куни судга келиб тушган бўлиб, электрон тақсимотга кўра, судья С. Хужамкулова иш юритувига қабул қилинган. Мазкур жараён тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, бунда инсон омилининг таъсири йўқ.
Алоҳида таъкидлаш шартки, ушбу баёнот суд қарори қонунийлиги юзасидан Кенгаш хулосаси сифатида талқин қилинмаслиги керак. Чунки, қонунга кўра, суд қарорларига ҳуқуқий баҳо бериш юқори суд инстанцияси ваколатига тааллуқли.
Ўз навбатида Кенгаш, суд қарори қонуний кучда экани ва ундаги техник хатолик бартараф этилгани боис, судьяга нисбатан хизмат текшируви ўтказишга етарлича асос йўқ, деб ҳисоблайди. Бироқ мавжуд ҳолат жамоатчиликда суд ҳокимиятига нисбатан нотўғри тасаввурлар пайдо қилиши эҳтимолини юзага келтиргани эътиборидан Тошкент шаҳар судига унинг сабабларини ўрганиш тавсия қилинди.