Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1-сон қарори ижроси натижасида маҳаллаларда жиноятчиликни қарийб 1,5 бараварга камайтиришга эришилганини инобатга олган ҳолда, шунингдек, мазкур йўналишда яхлит ишлаш тизиминижорий этиш ҳамда масъул раҳбарларнинг вазифаларини белгилаш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар ва устувор вазифалар

1. Қуйидагилар ушбу қарорнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

а) ижтимоий профилактика самарадорлигини оширишни устувор вазифа этиб белгилаган ҳолда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш;

б) оила-турмушмуносабатлари доирасида ҳамда аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг асл омилларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш орқали уларнинг барвақт олдини олиш бўйича янги ишлаш механизмларини белгилаш;

в) ҳар қандай ноқонуний ҳолатлар юзасидан мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш тизимини яратиш, бу борадаги фаолиятни бевосита жойларда самарали йўлга қўйиш орқали аҳоли розилигига эришиш.

2. Қуйидагилар барча масъул идоралар ва муассасалар учун маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича ташкилий-профилактик чора-тадбирларни амалга оширишнинг устувор вазифалари этиб белгилансин:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш 

ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1-сон қарори билан белгиланган механизмларига мувофиқ ишларни давом эттириш;

б) ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятга салбий таъсир этувчи омиллар билан ишлашнинг маҳаллалар кесимида ҳар чораклик манзилли чора-тадбирларини белгилаш ҳамда уларнинг маҳалла – туман – вилоят даражасида ижроси учун бевосита масъул раҳбарларни бириктириш ва зиммаларига аниқ жавобгарликни юклаш;

в) маҳалла ҳудудида аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш орқали олдини олиш мумкин бўлган ҳар бир жиноят бўйича маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, ижтимоий профилактика субъектлари томонидан амалга оширилган тадбирлар самарадорлиги юзасидан қатъий сўров тизимини йўлга қўйиш;

г) оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳамда аёллар ва ёшлар томонидан содир этиладиган жиноятларни “илмий хулоса – тавсия –натижа” тамойили асосида жойларга чиққан ҳолда мақсадли илмий-амалий ўрганиш орқали самарали ташкилий-ҳуқуқий чораларни белгилаш;

д) маҳаллалардаги жамоат жойларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш йўналишига замонавий ахборот-коммуникация ва сунъий интеллект технологияларини, ижтимоий профилактикага масъул идоралар ва муассасалар томонидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги устидан электрон назорат тизимини кенг жорий этиш.

II. Ташкилий-профилактик чора-тадбирлар

3. Белгилансинки, маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйишга қаратилган манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида 2026 йилда ҳудудлар масъул раҳбарлар ва муассасаларга қуйидаги тартибда номма-ном бириктирилади:

а) криминоген вазияти оғир маҳаллалар – туман (шаҳар) ҳокимлари, прокурорлари ҳамда ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига;

б) беш йилдан буён “қизил” тоифада бўлаётган маҳаллалар – Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари,вилоят даражасидаги ички ишлар органлари раҳбарларининг ва ҳокимларнинг ўринбосарларига;

в) уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган маҳаллалар – ҳуқуқ-тартибот идораларининг таълим ва илмий ташкилотларига;

г) криминоген вазияти энг оғир туман ва шаҳарлар – вилоятлар даражасидаги прокурорларнинг ва ички ишлар органлари раҳбарларининг биринчи ўринбосарларига;

д) аёллар жиноятчилиги, спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар жиноятчилиги ҳамда низоли оилалар салмоғи энг юқори бўлган маҳаллалар – тегишинча вилоятлар даражасидаги оила ва хотин-қизлар, соғлиқни сақлаш ҳамда адлия бошқармалари бошлиқларига.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) бириктирилган масъул раҳбарлар ва муассасалар зиммасига ўз ҳудудларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини ташкил этиш намунасини яратиш, ҳудудий “йўл хариталари” билан белгиланган чора-тадбирларнинг тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш ҳамда ижтимоий профилактика тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича қатъий шахсий жавобгарлик юкланади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳар ойда бевосита ўзлари камида иккита криминоген вазияти оғир ва мураккаб маҳаллаларга борган ҳолда ёшлараёллар ва ишсизларга нисбатан белгиланган ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш ҳолатини танқидий ўрганади ҳамда уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини бартараф этиш бўйича манзилли чоралар кўради;

в) ҳар ой якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан маҳаллаларда содир этилган ижтимоий-маиший тусдаги жиноятларнинг сабаблари

ва уларни келтириб чиқарган омилларни танқидий муҳокама қилади ва ҳаракатсизликка йўл қўйган ижтимоий профилактикага масъул ташкилотлар раҳбарларига нисбатан чоралар кўради;

г) ижтимоий мослаштириш дастури якунлангандан сўнг ижтимоий профилактика объектлари томонидан жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ушбу шахсларнинг турмуш тарзи бир йил давомида мониторинг қилиб борилади;

д) республика маҳаллаларида иловага мувофиқ тартибда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлигида “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади

ж) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан ҳудудий прокурорлар ва ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳар чоракда киритиладиган қўшма таклифларига асосан маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш йўналишида масъул давлат идораларининг камида 15 нафар ўрнак кўрсатган раҳбар ва ходимлари маҳаллий бюджет даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш фонди (пул таъминоти)нинг бир баравари миқдорда пул мукофоти билан рағбатлантириб борилади.

III. Ташкилий-назорат чора-тадбирлар

5. Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида тузилган Республика идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи) ўз фаолиятини белгиланган тартибда давом эттирсин.

6. Мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи (Б.Валиев, А.Рахматуллаев):

а) 2026-2027 йилларда ҳар чоракда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишнинг самарали ташкилий-техник тизимини шакллантиришга қаратилган ҳар бир ҳудуд кесимида асосий мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаб борсин ҳамда уларга эришиш ҳолати устидан назоратни таъминласин;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир ҳудуд ва криминоген вазияти оғир маҳаллалар кесимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ–1-сон қарори билан тасдиқланганмаҳалла – туман – вилоят даражаларидаги манзилли чора-тадбирларнинг намунавий “йўл хариталари” асосида ҳар чораклик ҳудудий “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижрога қаратишни ташкил қилсин;

в) маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси борасидаги ишларнинг натижадорлигини, шу жумладан, жойларга бевосита чиққан ҳолда тизимли равишда баҳоласин, шунингдек, ҳудудий “йўл хариталари”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг изчил, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини доимий равишда қатъий назорат (шу жумладан, электрон назорат платформаси орқали) қилиб борсин;

г) ҳар ойда камида иккита вилоят кесимида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ва натижадорлиги бўйича барча масъул идора ва муассасалар билан танқидий муҳокамалар ўтказилишини ҳамда ушбу масалага масъулиятсизлик билан ёндашган раҳбарларга нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган таъсир чоралари кўриб борилишини йўлга қўйсин;

д) маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ишларига муносиб ҳисса қўшган масъул раҳбарлар ва ходимларни ҳар йили Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан давлат мукофотларига тавсия қилиб борсин.

7. Белгилансинки:

а) маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижадорлиги ҳар ой якунида – вилоят прокурорлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари ҳузурида, ҳар чорак якунида ички ишлар вазири ва Бош прокурор ҳузурида тегишли вилоят ва республика раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таҳлилий ахборот ҳамда масъулларни рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш бўйича таклифлар киритиб борилади;

б) мазкур қарорга мувофиқ ҳудудларга бириктирилган масъул раҳбарлар ва муассасалар томонидан амалга оширилган ишлар ҳолати устидан назорат қилиш, шу жумладан, жойларга бевосита чиққан ҳолда уларнинг натижадорлигини баҳолаб бориш Мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи ва унинг ҳудудий штаблари томонидан таъминланади.

IV. Қонун устуворлигини таъминлаш чоралари 

8. Қуйидагиларга:

а) Бош прокурорнинг ва ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосарларига – жиноятларни ҳисобдан яшириш, республика миқёсида кундалик ҳисоботларга сохта маълумотларни киритиш ҳолатларига тубдан барҳам беришга қаратилган қатъий назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича;

б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокурорлари ва ички ишлар органлари раҳбарларига – жиноят ишини қўзғатишни асоссиз рад этиш, жиноятларни ҳисобдан яшириш ва қасддан нотўғри малакалаш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тизимли назоратни таъминлаш бўйича;

в) туман (шаҳар) прокурорлари ва ички ишлар органлари раҳбарларига – аҳолининг ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ҳар қандай мурожаатларини сўзсиз рўйхатга олиш, кўриб чиқиш натижасида қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини ўрганиш ҳамда барча жиноий ҳолатлар юзасидан белгиланган тадбирлар ўз вақтида, қонуний ва тўлақонли амалга оширилишини ташкил этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилсин ҳамда бу борада қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилсин.

9. Ички ишлар вазирлиги (А.Ташпулатов):

а) 2026 йил якунига қадар фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги оғзаки мурожаатларини соҳа ва ҳудудидан қатъи назар, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат планшетлари орқали реал вақт режимида ягона тартибда қабул қилиш ҳамда тегишлилиги бўйича тезкорлик билан муносабат билдириш амалиётини йўлга қўйсин;

б) 2026 йил 1 ноябрга қадар фуқаролар томонидан маҳалла профилактика инспекторлари билан онлайн мулоқот қилиш, фото, аудио, видео ва ташвиш хабарларини юбориш, шунингдек, уларнинг фаолиятига баҳо бериш имкониятини берувчи “Менинг инспекторим” мобил иловасини ишлаб чиқиш ва оммалаштириш чораларини кўрсин;

в) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида низоли оилалар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш имконини берадиган “E-ijtimoiy profilaktika” ахборот тизимининг “E-nizoli oila” модулини жорий этиш ва модулни судлар ўртасида тўғридан-тўғри интеграция қилиш чораларини кўрсин;

г) 2026 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ–1-сон қарори билан белгиланган тартибда таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда бошқа ҳудудларнинг криминоген вазият оғир ва мураккаб маҳаллаларида ҳам маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда бунда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тезкор ҳаракатланиш тизимини жорий этиш чораларини кўрсин.

V. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

10. Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент бошлиғи Д.Б.Кадиров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси 

     Президенти                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2026 йил 5 январь