Қарор билан цемент импорти тартибини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда цемент импортини соддалаштирилган тартибда амалга ошириш ва ички бозорда унинг сифатини назорат қилиш схемаси тасдиқланди.

         Мазкур ҳужжатга кўра, эндиликда, республикага олиб кириладиган цементни эркин муомалага чиқаришни соддалаштирилган тартиб асосида амалга ошириш амалиёти қўлланилади. Яъни:

  • цемент республика ҳудудига олиб кирилгунига қадар импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъект ва жисмоний шахс томонидан ихтиёрийлик асосида унинг намуналари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун сертификатлаштириш органига тақдим этилади;
  • маҳсулотни эркин муомалага чиқариш ("ИМ 40” режимига ўтказиш) давлат божхона хизмати органлари томонидан тегишли мувофиқлик сертификати асосида амалга оширилади. Божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.
  • ҳар бир божхона юк декларацияси бўйича маълумот сертификатлаштириш органига “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали юборилади ва цемент эркин муомалага чиқарилганда сертификатлаштириш органи билан импорт қилувчи ўртасида тузилган шартнома доирасида цементни хавф-хатарларни таҳлил қилиш асосида даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти билан биргаликда ички бозордаги цемент маҳсулотлари сифатини ўрганиш мақсадида чакана савдо шахобчаларида назорат харидларини амалга оширади ва маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ўрганиб боради.