Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилган тантанали тадбирда Италия вазирликлари, уюшмалари, тадқиқот ва таҳлил марказлари, университетлари, Рим шаҳридаги хорижий давлатлар элчилари, халқаро ташкилотлар, етакчи компаниялар, туроператорлар вакиллари ва ватандошлар иштирок этди.
Мамлакатимиз элчиси Абат Файзуллаев ўзининг кириш нутқида меҳмонларни жорий йилда Ўзбекистон Конституцияси умумхалқ референдуми натижасида янги таҳрирда қабул қилингани, унинг Янги Ўзбекистон ислоҳотлари доирасидаги аҳамияти, мамлакат асосий қонунида белгиланган тинчлик ва тараққиёт тамойиллари билан таништириб ўтди. Ўзбекистонда асосий эътибор инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, самарали давлат бошқаруви тизимини таъминлаш, ҳар бир фуқаро асосий ҳуқуқ ва имкониятларидан тўлиқ фойдаланиши учун яратилган мустаҳкам замин, Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир давомида ўтказилган тақдимотда Италия ва халқаро доиралар вакиллари «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мазмун-моҳияти билан танишдилар. Хусусан, Стратегияда белгиланган ва мамлакатимиз олдида турган устувор вазифалар, шу жумладан, фуқаролар турмуш даражасини ошириш, самарали таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташқил қилиш, аҳоли учун қулай ва барқарор экологик шароитларни яратиш, адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, тинчликсевар ва дўстона ташқи сиёсатни давом эттириш каби олий мақсадлар юзасидан маълумотга эга бўлдилар.
Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлигининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Федерико Фаилла тадбирдаги нутқида ўзбек томонини Конституция куни билан муборакбод этиб, якунланаётган 2023 йил Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим йил бўлганини таъкидлаб ўтди.
«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг июнь ойидаги Италияга расмий ташрифи, унинг давомида икки давлат ўртасида Стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилгани, жорий йилнинг ўзида Италия Президенти Сержо Маттарелла расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлгани Рим ва Тошкент ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди», – деди у.
Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, «Италия–Ўзбекистон» дўстлик ва ҳамкорлик уюшмаси аъзоси Риккардо Манара ўз чиқишида Асосий қонун янгиланиши мамлакатни замонавийлаштириш, 2017 йилда бошланган ислоҳотлар жараёнини самарали давом эттирилиши нуқтаи назаридан юксак аҳамиятга эга эканини таъкидлаб ўтди.
«Ўйлайманки, бугунги Ўзбекистон ўз тараққиёти учун барча имкониятлар эга. Иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, ялпи ички маҳсулот ўсиши, аҳолининг кўп қисмини билим ва кўникмалар орттиришга чанқоқ ёшлар ташкил қилиши бундай имкониятларнинг яққол намунасидир. Бундай шароитлар 2030 йилгача белгиланган стратегия мақсадларига эришишда асқотади, иқтисодиётни ривожлантириш, фуқаролик жамиятини фаоллаштириш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш учун мустаҳкам замин яратади», – деди «Италия-Ўзбекистон» дўстлик ва ҳамкорлик уюшмаси аъзоси.
Италиянинг Барқарор ривожланиш учун университетлараро тадқиқот маркази маданий тадқиқотлар гуруҳи раҳбари Магда Педаче ўз навбатида, Ўзбекистон Конституцияси кунини нишонлаш маросимида қатнашиб турганидан ниҳоятда мамнунлигини қайд этди.
«Тадқиқот марказимиз, «Италия–Ўзбекистон» дўстлик ва ҳамкорлик уюшмаси иштирокида Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан биргаликда бир қанча учрашув ва анжуманларни ўтказдик. Келгуси қўшма фаолият режаларимиз айнан Ўзбекистон олдида турган, янги Стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш масалалари муҳокамасига бағишланади. Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши, демократизация жараёнларига гувоҳ бўлаяпмиз. Ўзбекистон ёшларига, умуман мамлакат аҳолисига муваффақиятлар тилаймиз».
Италиядаги «Прожетто А́нжели» ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий муносабатларни ривожлантириш уюшмаси раиси Аида Абдуллаева ҳам Ўзбекистон халқини улуғ айём билан табриклади.
«Бугунги тадбир мен учун рамзий маънога эга, негаки 30 апрелдаги референдумда Бухоро шаҳрида Европа Иттифоқидан кузатувчи сифатида қатнашган эдим. Бизни Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиликлар қувонтирмоқда. Улар мамлакатнинг янги асосий қонунида ҳам акс эттирилгани бежиз эмас», деди у.
«Global Action» нодавлат ташкилоти вице-президенти Пьерфранческо Торризи, ўз маърузасида таълим соҳасидаги ўзгаришлар ва ўзаро ҳамкорлик ҳақида тўхталди.
«Бугунги тақдимотда Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси бўйича маълумотларни диққат билан эшитдим. Улардаги айниқса ёш авлод учун кўзланган тамойиллар мени қувонтирди. Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Яқинда мамлакатингиздан
25 нафарга яқин талабалар қабул қилишни режалаштираяпмиз», деди Пьерфранческо Торризи.
«Link Campus University» асосчиси Винценцо Скоттининг айтишича, жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Президентининг Италияга, ноябрь ойида эса Италия Президенти Сержо Маттарелланинг расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиши ўзаро муносабатларимиз курсидан далолат беради.
«Одатда бизнинг тажрибада ҳеч қачон икки давлат ўртасида бир йилнинг ўзида икки олий даражадаги ташриф ташкил этилмаган, ва бу жуда муҳим. Ҳозирги кунда Италиянинг кўплаб олий таълим муассасалари Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда. Бу эса ўз навбатида Италия ва Ўзбекистон тадқиқотчилари ўртасида ўзаро алоқаларни ривожланишида катта аҳамиятга эга»,- деди у.