Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, мазкур ҳолат тўлиқ назоратга олинган бўлиб, айни вақтда тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳар томонлама ўрганилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қирғизистон чегара хизмати ходимлари ҳамда Сўх туманида яшовчи Ўзбекистон фуқароси ўртасида тушунмовчилик келиб чиққан.

Тезкор чора-тадбирлар натижасида фуқаро Ўзбекистон ҳудудига олиб келинган.

Шунингдек, икки томон масъуллари ва фуқаро иштирокида мулоқот ўтказилиб, вазият тинч йўл билан ҳал этилгани маълум қилинди. Томонлар юзага келган тушунмовчилик учун ўзаро узр сўраган.

Расмий муносабатда айрим ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат юзасидан тасдиқланмаган, бир ёқлама ва ҳиссиётга берилган хабарлар тарқатилаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан фуқаролардан текширилмаган маълумотларга ишонмаслик, вазиятга холис ва вазмин ёндашиш сўралди.

Сўх тумани ҳокимлиги таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари давлат томонидан ишончли ҳимоя қилинади ҳамда бу каби ҳолатлар ваколатли идоралар назоратида бўлади.