Иқтисодий мустақилликни эса миллий валюта, мустақил пул-кредит сиёсати, ишончли банк тизими ва ички имкониятларни ҳаракатга келтирадиган молиявий механизмларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни пайтда замонавий иқтисодиёт учун миллий молия тизимининг жаҳон капитали билан боғланиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар ташлар эканмиз, миллий банк-молия тизими ҳам мамлакатимиз билан бирга катта ва мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтганини кўрамиз.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида миллий валютани муомалага киритиш, икки поғонали банк тизимини шакллантириш, миллий тўлов инфратузилмасини яратиш тарихий зарурат эди. Зеро, ўз молиявий тизимисиз тўлақонли иқтисодий суверенитетни тасаввур қилиш қийин.

Лекин тизимни барпо этиш — бир вазифа. Уни замон талаблари асосида янгилаш, рақобатбардош қилиш ва энг муҳими, инсон манфаатига хизмат қилдириш янада мураккаб вазифадир.

Айниқса, 2017 йилдан бошлаб Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар банк-молия соҳаси олдига ҳам мутлақо янги талабларни қўйди. Иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш, бозор механизмларини кенг жорий этишга қаратилган сиёсат банкларнинг вазифаси ва масъулиятига қарашни ҳам ўзгартирди.

Масаланинг моҳиятини содда қилиб тушунтирганда, янги иқтисодиётга эскича ишлайдиган банк мос келмас эди. Банк энди шунчаки кредит берувчи ёки маблағ тақсимловчи муассаса бўлиб қолиши мумкин эмас. У капитал билан ғояни, жамғарма билан инвестицияни, тадбиркорлик ташаббуси билан иқтисодий натижани боғлайдиган институтга айланиши керак эди.

Бугун босиб ўтилган йўлга қараб, ислоҳотларнинг энг катта натижаларидан бири ана шу тафаккур ўзгаришида эканини кўриш мумкин.

Ҳаққоний ўлчов

Катта иқтисодий ислоҳотларнинг қадрини баъзан миллиардлаб сўмлик статистикадан кўра инсон ҳаётида кечган оддий бир воқеа яхшироқ тушунтириб беради.

Буни ўз ҳаётимда ҳам ҳис қилганман. 2014 йиллар эди. Ипотека кредити асосида уй сотиб олдим. Банк ажратган маблағ уй эгаси номига очилган пластик картага ўтказилди. Битим жараёнида сотувчи ­маблағни валютага айлантириб беришимни сўради.

Қийинчилик ана шунда бошланди. Картада катта миқдорда маблағ бор, аммо уни эркин тасарруф этиш, нақдлаштириш ёки зарур миқдорда хорижий валютага айлантириш осон эмас эди. Валюта курси эса кутиб турмасди. Бир кунлик фарқнинг ўзи катта суммада сезиларли йўқотишга айланарди.

Ўша пайтда мен валюта бозоридаги муам­мони иқтисодий назариядан эмас, ўз чўнтагимда ҳис қилганман.

Орадан йиллар ўтиб, яқин дўстимнинг бошидан кечган воқеа менга ана шу даврни яна бир бор эслатди. 2021 йилда у ҳам ипотека кредити асосида уй харид қилди. Маблағ белгиланган тартибда сотувчининг банк картасига ўтказилди. Сотувчи уни валютага айлантириш истагини билдирганида, операция банк кассаси орқали қисқа вақтда, ортиқча сарсонгарчиликсиз амалга оширилди.

Бир қарашда икки инсоннинг уй олди­сотдиси билан боғлиқ оддий воқеа. Аммо улар орасида мамлакат молия тизими босиб ўтган катта масофа бор. Шунинг учун 2017 йилда валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотларни мен фақат иқтисодий қарор сифатида эмас, инсоннинг кундалик ҳаётига кириб борган ўзгариш сифатида ҳам қабул қиламан.

Албатта, масала фақат уй олди-сотдиси билан чегараланмайди. Тадбиркор хориждан ускуна олиб келмоқчи бўлса, унга валюта керак. Экспортчи ташқи бозорга чиқса, ­валюта муносабатига киради. Хорижий инвестор мамлакатга капитал киритишдан олдин ­валюта бозорининг қанчалик эркин ва тушунарли эканига қарайди.

Шу маънода, валюта либераллашуви оддий банк операциясини енгиллаштириш эмас, иқтисодиётнинг очиқлик сари ташлаган муҳим қадами бўлди. Менимча, ислоҳотнинг энг ҳаққоний ўлчови ҳам шу: қарорнинг қабул қилингани эмас, унинг инсон ҳаётида нимани ўзгартиргани.

Қоидалар ўзгармаса, тизим янгиланмайди

Иқтисодиёт очила бошлагач, банкларнинг ўзига нисбатан талаби ҳам ўзгарди. Тадбиркорга тезкор қарор, инвесторга шаффоф молиявий ҳисобот, омонатчига эса ишонч ва кафолат керак. Банкнинг ўзи рискни тўғри баҳолай олмаса, рақобат муҳитида узоққа бора олмайди.

Шу эҳтиёжлар банк соҳасининг ҳуқуқий асосларини ҳам янгилашни талаб қилди. Кейинги йилларда Марказий банк, банклар ва банк фаолияти, валютани тартибга солиш ҳамда тўлов тизимларига оид қонунчиликнинг янгиланиши молия бозорида замонавий қоидаларни шакллантириш учун асос бўлди.

2020 йилда эса банк ислоҳотлари тизимли босқичга ўтди. 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясида банк хизматларини модернизация қилиш, автоматлаштириш, давлат ресурсларига қарамликни камайтириш, хусусий секторни ривожлантириш, рискларни бошқариш ва рақобатни кучайтириш асосий йўналишлар сифатида белгиланди.

Лекин трансформациянинг энг муҳим жиҳати, менимча, рақамларда эмас. У — банк жамоасининг фикрлаш тарзи ўзгараётганида. Кредит сўраб келган тадбиркордан фақат “қанча гаровинг бор?” деб сўрашнинг ўзи етарли эмас. Унинг ғояси қанчалик ҳаётий? Бозори борми? Лойиҳа қанча қиймат яратади? Даромади қарзни қайтаришга етадими? Замонавий банк ана шу саволларга ҳам жавоб излаши керак. Шунда у қарз берувчидан ҳамкорга, маблағ эса оддий кредитдан иқтисодий қиймат яратадиган ресурсга айланади.

Навбатдан — телефон экранигача

Яқин ўтмишни эслайлик. Банкда оддий операцияни бажаришнинг ўзи қанча вақт оларди. Омонат очиш, маблағ ўтказиш ёки ҳисобварақ билан боғлиқ масалани ҳал қилиш учун банкка бориш, баъзан узун навбатда кутиш одатий ҳол эди. Айрим пайтларда биргина операция учун куннинг ярми кетарди. Бугун эса банкнинг манзили ўзгарди. У инсоннинг телефонига кўчди.

Рақамлаштиришнинг инсон ҳаётидаги таъсирини оддий мисолда кўриш мумкин. Яқин ўтмишда йўлга чиқишдан олдин одамнинг биринчи ўйи чўнтагида етарли нақд пули бор-йўқлиги эди. Бозорга боришда ҳам, бошқа вилоятга сафар қилишда ҳам одам нақд маблағсиз ўзини ноқулай ҳис қиларди. Баъзан картада пул бўлгани билан уни қаерда нақдлаштириш мумкинлиги алоҳида ташвиш эди.

Бугун манзара бутунлай бошқача. Телефондаги банк иловаси орқали ҳисобварақни бошқариш, маблағ ўтказиш, товар ва хизматлар учун тўлаш, омонат очиш, кредит тўловини амалга ошириш мумкин. Контактсиз тўлов ва рақамли ҳамёнлар кенгайгани ­сайин айрим ҳолатларда жисмоний картанинг ўзига эҳтиёж ҳам камаймоқда.

Энди киши сафарга чиққанда “қанча нақд пул олай?” деган савол ҳақида аввалгидек ўйламайди. Мамлакат ичида кўплаб тўловлар телефон орқали амалга оширилади, хорижий сафарларда эса халқаро тўлов тизимлари ва мобил ечимлар молиявий эркинликни янада кенгайтирди.

Бир вақтлар банкдаги маблағни нақд пулга айлантиришнинг ўзи масала бўлган бўлса, бугун маблағнинг қаерда турганидан кўра, унга қанчалик тез ва қулай кириш мумкинлиги муҳим. Менимча, рақамлаштиришнинг энг катта натижаларидан бири ҳам шу: пул эмас, унга кириш имконияти мобиллашди.

Бу ўзгаришни фермер ҳаётида ҳам кўриш мумкин. Илгари ҳисобварақдаги маб­лағини бошқариш, тўлов топшириқномасини расмийлаштириш ёки бошқа банк операцияси учун туман марказига боришга тўғри келган бўлса, бугун у хўжалигидан чиқмай туриб ҳисобварағини назорат қилиши, маб­лағини бошқариши ва тўловларни амалга ошириши мумкин.

Кеча мижоз банкнинг иш вақтига мослашган бўлса, бугун банк хизмати мижознинг вақтига мослашмоқда. Бу оддий техник янгиланиш эмас. Бу молиявий муносабатлар маданиятининг ўзгаришидир.

Сунъий интеллект даври

Технологик тараққиёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Кеча банк билан боғлиқ ­саволга жавоб олиш учун филиалга ­бориларди. Кейин колл-марказлар пайдо бўлди. Мижоз банкка бормай туриб оператор орқали муаммосини ҳал қилиш имконига эга бўлди.

Кейин мобил банк келди. Энди эса дунё молия тизими янги босқич — сунъий интеллект даврига кирмоқда.

Сунъий интеллект катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, мижоз мурожаатларини саралаш, виртуал ёрдамчилар орқали оддий саволларга тезкор жавоб бериш, кредит рискларини баҳолаш, шубҳали операция­ларни аниқлаш ва фирибгарликнинг олдини олиш каби йўналишларда катта имконият очмоқда.

Бу ерда гап фақат технология ҳақида эмас. Гап — банкнинг мижозни англаш қобилияти ўзгараётгани ҳақида.

Масалан, колл-марказга бир вақтнинг ўзида минглаб мурожаат келиши мумкин. Уларни мазмуни ва долзарблигига қараб автоматик саралаш, оддий масалаларни тез ҳал этиш, мураккаб мурожаатни эса тегишли мутахассисга йўналтириш хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқади.

Бироқ бу ерда муҳим чегара бор. Технология қанчалик “ақлли” бўлмасин, молия соҳасида инсон омилини бутунлай четга суриб бўлмайди. Чунки банк фақат рақамлар билан эмас, инсоннинг ишончи билан ҳам ишлайди.

Шунинг учун сунъий интеллект инсонни алмаштириш учун эмас, унинг вақтини тежаш, хатони камайтириш, хавфни олдинроқ кўриш ва қарор сифатини оширишга хизмат қилиши керак.

Шунда тараққиётнинг мантиқий занжири юзага келади: банк биносидан — мобил банкка, мобил банкдан — “ақлли” банкка.

Глобал бозор ва интеграция

Сўнгги йилларда эътиборни тортган яна бир жараён бор: Ўзбекистон банкларининг халқаро капитал бозори билан муносабати ўзгармоқда.

Кеча банкларнинг ресурс базаси асосан ички маблағлар, давлат ресурслари ёки халқаро молия институтларининг кредит линияларига боғлиқ бўлган бўлса, кейинги йилларда миллий тижорат банклари халқаро капитал бозорларига чиқиб, облигациялар жойлаштириш орқали глобал инвесторлардан ресурс жалб қилиш тажрибасини ҳам шакллантирди.

Бу жараённи оддий қарз олиш деб баҳолаш камлик қилади.

Халқаро инвестор банкнинг биносига қараб маблағ бермайди. У молиявий ҳисоботини ўқийди, кредит рейтингини кўради, активлар сифатини баҳолайди, корпоратив бошқарув ва риск-менежментни таҳлил қилади. Шундан кейингина қарор қабул қилади.

Демак, халқаро капитал бозори банк учун нафақат ресурс манбаи, балки шаффофлик, интизом ва ишонч имтиҳони ҳамдир. Миллий тижорат банкларининг ана шу майдонга чиқиши Ўзбекистон молия тизимининг глобал молиявий муносабатларга интеграцияси чуқурлашаётганини кўрсатади.

Ёндашувнинг ўзгариши

Бугун банк бир томондан халқаро капитал бозорига чиқяпти. Иккинчи томондан маҳаллага тушяпти. Бир қарашда бу икки жараён бир-биридан жуда узоқдек. Аслида, замонавий молия тизимининг кучи ҳам шунда: у глобал инвестор билан бир тилда гаплаша олиши ва айни пайтда чекка маҳалладаги оиланинг иқтисодий имкониятини кўра билиши керак.

Кейинги йилларда маҳаллабай ишлаш, маҳалла банкирлари ва агентлар иштирокида аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг имкониятларини жойига чиқиб ўрганишга қаратилган янги тизим шаклланди.

Бу ерда масала банк ходимининг маҳаллага боришида эмас. Масала — ёндашувнинг ўзгаришида. Қайси хонадонда ҳунар бору, маблағ етишмаяпти? Кимнинг бизнес ғояси бор? Қайси томорқа қўшимча даромад манбаига айланиши мумкин? Қайси кичик тадбиркорни кейинги босқичга олиб чиқиш мумкин?

Банк ана шу иқтисодий имкониятни кўра бошласа, молиявий хизматнинг мазмуни ўзгаради. Илгари мижоз банкни излаган бўлса, бугун банк ҳам мижозни ва иқтисодий имкониятни излаб маҳаллага тушмоқда.

Глобал капиталдан — маҳаллагача. Менимча, бугунги Ўзбекистон банк тизими қамровини ифодалайдиган энг қисқа таърифлардан бири шу бўлса керак.

Бир квадриллион сўм. Аммо асосий савол бошқа

Ислоҳотлар ҳақида гапирганда рақамлардан қочиб бўлмайди. Лекин рақамнинг ўзи таҳлил эмас. Муҳими, унинг ортида қандай иқтисодий мазмун турганини англаш.

Марказий банкнинг 2026 йил 1 июлдаги маълумотларига кўра, мамлакат тижорат банкларининг жами активлари 1005,8 триллион сўмга етди. Яъни Ўзбекистон банк тизими тарихда биринчи марта бир квадриллион сўмлик маррадан ўтди.

Кредитлар ҳажми 642,8 триллион сўмни, депозитлар эса 473,8 триллион сўмни ташкил этди.

Бу, шубҳасиз, катта кўрсаткич. Лекин мени кўпроқ бошқа савол қизиқтиради: бу маблағ қандай қиймат яратяпти? Янги корхона ишга тушдими? Иш ўрни очилдими? Фермернинг ҳосилдорлиги ошдими? Тадбиркор экспортга чиқдими? Оиланинг даромади кўпайдими? Ёшларнинг ғояси бизнесга айландими?

Агар молиявий ресурс ана шу натижаларга айланса, бир квадриллион сўмнинг ҳақиқий иқтисодий мазмуни намоён бўлади.

Шунинг учун банк тизими тараққиётининг навбатдаги босқичида “қанча кредит берилди?” деган саволнинг ўзи камлик қилади. “Қанча қиймат яратилди?” деган савол муҳимроқ бўлиб боради. Бу миқдордан сифатга ўтишдир.

Ўттиз беш йиллик йўлнинг мантиғи

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида миллий банк-молия тизими босиб ўтган йўлга назар ташласак, унда икки катта тарихий босқични кўриш мумкин.

Биринчи босқич ўз молиявий пойдеворимизни барпо этиш даври эди. У миллий валюта, миллий банк тизими, миллий тўлов инфратузилмаси каби ислоҳотларни қамраб олади.

Иккинчи босқич эса ана шу миллий тизимни очиқ иқтисодиёт, глобал капитал, рақобат ва янги технологиялар даври талаб­ларига мослаштириш жараёни бўлмоқда. Айниқса, 2017 йилдан кейинги ислоҳотлар бу жараёнга янги суръат ва янги мазмун бағишлади.

Валюта муносабатлари эркинлашди. Банк қонунчилиги янгиланди. Трансформация жараёни бошланди. Рақобат муҳити кенгайди. Миллий банклар халқаро капитал бозорларига чиқа бошлади. Тошкент халқаро инвестиция мулоқотининг нуфузли майдонларидан бирига айланмоқда. Банк хизматлари рақамлашди. Сунъий интеллект молиявий хизматларнинг янги имкониятларини очмоқда. Банклар кредитлашдан кенгроқ экотизим яратиш томон бормоқда. Молиявий хизмат эса маҳаллагача тушиб боряпти.

Буларнинг барчасини алоҳида-­алоҳида жараён сифатида кўриш мумкин. Аммо уларни бирлаштириб турган битта мантиқ бор: Ўзбекистонда банкнинг ўзи ҳақидаги тасаввур ўзгармоқда.

Энди банкнинг кучини фақат унинг қанча активи борлиги эмас, иқтисодиётда қанча қиймат яратаётгани, инсонга қанчалик яқинлиги, глобал бозорда қанчалик ишонч қозонаётгани ва янги технологияни қай даражада самарага айлантира олиши белгилайди.

Зеро, молия иқтисодиётдан ташқарида яшамайди. У тадбиркор ўрнатган янги дастгоҳда ҳам, олим яратаётган технология­да ҳам, ёшнинг биринчи бизнес ғоясида ҳам, оиланинг уй-жой орзусида ҳам, экспортчининг янги бозорга чиқиш режасида ҳам, фермернинг ерга қадаган уруғида ҳам бор. Молия — ғоя билан имконият, меҳнат билан натижа, бугун билан эрта ўртасидаги кўприк.

Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт мамлакатимизга ўз миллий молия тизимини барпо этиш имконини берди. Янги Ўзбекистон ислоҳотлари эса уни очиқ, рақобатбардош, технологик ва глобал иқтисодиёт билан тобора чуқур интеграциялашаётган замонавий тизимга айлантириш учун янги уфқларни очди.

Албатта, олдиндаги вазифалар ҳам кам эмас. Рақобатни янада кучайтириш, давлат иштирокини мақбуллаштириш, кредит сифатини ошириш, хусусий капитал учун имкониятларни кенгайтириш, аҳоли жамғармаларини иқтисодиётга фаолроқ жалб қилиш, киберхавфсизликни мустаҳкамлаш, сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш — буларнинг ҳар бири кейинги тараққиёт босқичининг жиддий вазифаларидир.

Чунки ҳақиқий ислоҳот ўзини мақташ билан эмас, эришилган натижа билан бирга олдиндаги вазифани ҳам кўра билиш билан кучли.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида эса босиб ўтилган йўлдан келиб чиқиб бир хулосани айтиш мумкин: мустаҳкам миллий молия тизими — иқтисодий мустақилликнинг таянчи. Иқтисодий мус­тақиллик эса давлат мустақиллигининг энг муҳим кафолатларидан биридир.

Хайрулла ХОЛТЎРАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси