Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев делегация аъзолари билан учрашди. Тадбир иштирокчилари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган зарур чора-тадбирлар бўйича фикр алмашди.

Роберт Кох институтининг раҳбар кадрлари ҳамда малакали эпидемиолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист каби тажрибали мутахассисларидан иборат делегация мамлакатимизда 12 ноябргача бўлиши режалаштирилган.

Ташриф доирасида германиялик шифокорлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда Самарқанд вилоятидаги ушбу соҳага ихтисослаштирилган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, коронавирусни ташҳислаш, назоратга олиш, онлайн маслаҳат, консультация, семинар-тренинглар ташкил этиш, беморларни даволашда бевосита қатнашиб, маҳаллий шифокорлар билан бирга ҳамкорликда иш олиб бориши кўзда тутилган.

Роберт Кох институти мутахассислари мамлакатимизда август ойидаги ташрифида Самарқанд, Бухоро, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда бевосита иштирок этган.

Германиялик мутахассисларнинг мамлакатимизга ташрифи давом этади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.