Имзолаш маросими Тошкентда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов, ВEБ.РФ раиси Игор Шувалов ва «КАМАЗ» ИЧАЖ бош директори Сергей Когогин иштирокида ўтказилди.

Битим доирасида ВEБ.РФ томонидан, «UzAuto TRAILER» компаниясида ишлаб чиқариладиган «КАМАЗ» русумидаги юк ва махсус техника сотувини молиялаш мақсадида, 12,5 миллион евро миқдорида кредит линияси очилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун: «Kamaz Asia Leasing» МЧЖ ҚК 2019 йилда катта юк машиналари йирик ишлаб чиқарувчиси «КАМАЗ» ИЧАЖ (Россия), «UzAutoTrailer» МЧЖ ва Россиянинг йирик автолизинг компанияси – «Лизинговая компания «КАМАЗ» АЖ иштирокида ташкил этилган.

Компания «Ишлаб чиқарувчидан лизинг» дастури бўйича КАМАЗ юк автомобиллари, «UzAutoTrailer»да ишлаб чиқарилган тиркама техникаси лизинги молиявий хизматини тақдим қилади. Хизмат, шунингдек, суғурталаш ва телематик жиҳозлашни ҳам ўз ичига олади.

«UzAutoTRAILER» МЧЖ «Ўзавтосаноат» АЖ тузилмасига кирувчи компания бўлиб, юк ва махсус техника ишлаб чиқаришга, шунингдек юк автомобилларини осма жиҳоз ва тиркамалар билан қўшимча бутлашга ихтисослашган, деб хабар беради «Ўзавтосаноат»АЖ матбуот хизмати.