Меҳмонларни қарши олган Ш. Умурзоқов ташриф учун миннатдорлик билдириб, айни пайтдаги мамлакатлараро алоқаларнинг ривожланиш суръатларига давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин томонидан ўрнатилган самарали мулоқот мустаҳкам замин яратганини айтди. Шунингдек, пойтахт ҳокимлиги Россия бизнесининг Тошкентдаги иштироки ва ривожини қўллаб-қувватлашини, рақамлаштириш, туризм, илм-фан, тиббиёт, таълим, маданий-гуманитар соҳалардаги барча таклиф ва лойиҳаларни батафсил ўрганишга тайёрлигини таъкидлади.
О. Мальгинов учрашув учун миннатдорлик билдириб, ўзаро иқтисодий, савдо, сиёсий ва бошқа алоқаларнинг фаол ривожланиши жараёнида Ўзбекистон пойтахти билан РФ ҳудудлари ўртасидаги мулоқотни жадаллаштириш мақсадга мувофиқлигини айтди. Энергетик инфратузилмани янгилаш ва ривожлантиришда Россия корхоналарининг қизиқишини алоҳида таъкидлаб, бу йўналишда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида тарафлар 24-26 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган «Innoprom Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси юқорида қайд этилган мақсадлар учун қулай майдонга айланишига ишонч билдирди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.