Мутахассислар Россия Федерациясининг ҳудудларида бир кунда 30 та ўрмон ёнғинини ўчиришди. Деярли 92,5 минг гектар майдонда ёнғинни ўчириш давом этмоқда, деб хабар қилди якшанба куни Федерал авиация ўрмон хўжалиги агентлиги матбуот хизмати.

“Минтақавий ўрмон хўжалиги диспетчерлик хизматининг маълумотларига кўра, 29 август куни ўтган 24 соат ичида Россияда 971 гектар майдонда 30 та ўрмон ёнғинлари бартараф этилди. 30 август куни Москва вақти билан 00:00 да Россия Федерацияси ҳудудида 92 449 гектар майдонда 64 та ўрмон ёнғинлари содир бўлди”, дейилади хабарда.

Ёнғинларнинг энг кўп сони ва майдони Красноярск ўлкасида қайд этилган – 74 250 гектар майдонда 23 та ёнғин содир бўлган. Ёнғинлар Иркутск, Якутия, Оренбург, Магадан, Перм вилоятлари ва Коми Республикасида ҳам кузатилди. Красноярск ўлкасида ва Иркутск вилоятининг икки туманида фавқулодда режим жорий этилди.