«Технолюкс» МЧЖ аутсорсинг асосида болалар қишки ва спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Россиянинг аксарият чакана савдо тармоқларига маҳсулот етказиб беради. Маҳсулотларга талаб юқори. Шу боис, корхона ишлаб чиқаришни кенгайтириш устида ишлаяпти. Ўзбекистон эса янги корхона учун қулай манзил сифатида баҳоланди.
Йиғилишда инвесторларга соҳани тартибга солувчи қонунчилик базаси, инвесторларни кафолатловчи норматив ҳужжатлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда соҳа учун яратилган кичик саноат зоналари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Компания делегацияси бир неча бор амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб, Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва хомашё базаси, бизнес юритиш учун яратилган шароитларни ўрганди. Хорижий корхона Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳозирда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун тегишли бино танланяпти.
Янги корхонада дастлабки босқичда йилига 80 минг жуфт пойабзал ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқариш қувватини ойига 30-40 минг жуфтга етказиш режалаштирилган. Корхонада асосан болалар пойабзали тайёрланади. Шунингдек, аёллар пойабзаллари ишлаб чиқаришга қаратилган линияни ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти.
Янги корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортга йўналтирилади. Бу борада МДҲ устувор бозор ҳисобланади. Истиқболда компания Европа бозорига кириб бориш устида ишлаяпти.
Йиғилиш якунлари бўйича «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан пойабзал фабрикасини ишга тушириш, фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳсулотларни экспортга йўналтиришга ҳар томонлама ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишга қарор қилинди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.