Ташриф доирасида Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Э.Памфилова сайловларда иштирок этувчи сиёсий партиялар, Россия сайлов кампанияларини ўтказишнинг янги стандартлари, пандемия шароитида сайловларни ўтказиш, сайлов участкаларида ташкил этилган видеокузатув режими, «Мобил сайловчи» механизми каби масалалар юзасидан маълумот бериб ўтди.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси ўз сўзида сайлов комиссияларининг юқори даражадаги тайёргарлиги, сайлов жараёни иштирокчиларини хабардор этиш бўйича кўрилаётган тадбирларга юқори баҳо берди, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.