Кремль журналистлар билан Россия учувчисиз учоқларининг Польша ҳаво ҳудудини кесиб ўтганини муҳокама қилишдан бош тортди, деб хабар берди dw.com.

“Биз бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ беришни истамаймиз. Бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Бу Россия Мудофаа вазирлигининг ваколати”, деди Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 10 сентябрь, чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги куннинг иккинчи ярмида Telegramда тунги воқеа юзасидан қисқача изоҳ эълон қилди. Украина ҳудудидаги зарбалар ҳақида хабар бериб, Россия ҳарбий департаменти “Польша ҳудудида ҳеч қандай нишонларни йўқ қилиш режалаштирилмаганини” таъкидлади. Вазирлик, шунингдек, зарбалар учун ишлатиладиган рус дронларининг максимал парвоз масофаси “700 километрдан ошмаслигини” таъкидлади. “Шунга қарамай, биз Польша мудофаа вазирлиги билан ушбу масала бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёрмиз”, дея қўшимча қилди Россия Мудофаа вазирлиги.

Айни пайтда, Россиянинг Польшадаги муваққат ишлар вакили Андрей Ордаш Варшава мамлакат ҳудудида уриб туширилган учувчисиз учоқларнинг Россияга тегишли эканига оид далиллар келтирмаганини айтди. “Биз айбловларни асоссиз деб ҳисоблаймиз. Бу дронларнинг Россияга тегишли экани ҳақида ҳеч қандай далил келтирилмади”, деди у Россиянинг РИА Новости агентлигига берган интервьюсида.