«Коммерсантʼ» газетасининг ёзишича, Россия Гродно (Беларус), Актау (Қозоғистон), Самарқанд (Ўзбекистон), Мале (Малдив ороллари) ва Денпасар (Бали, Индонезия) шаҳарларида консуллик очишни режалаштирган.

Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Евгений Иванов РИА «Новости» агентлигига берган интервьюсида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, департамент Россиянинг йирик рус диаспоралари, шунингдек, сайёҳлар орасида машҳур бўлган ҳудудларда консуллик фаолиятини кучайтирмоқчи.

Шунингдек, газета жорий йил январдан сентябргача Ўзбекистонга 318 156 нафар россиялик кириб келгани хабарини беради.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот котиби Дмитрий Даниловнинг «Дунё» ахборот агентлигига тушунтиришича, ҳозир бу масала қизғин ишлаб чиқиляпти ва Самарқанд тасодифан танланмаган.

«Бу нафақат мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри, дунёдаги энг йирик сайёҳлик маркази, балки яқиндан бошлаб турли халқаро форумлар учун тадбирлар маркази ҳамдир», — дея қўшимча қилди дипломат.