Россияга ишлаш учун кетган фуқаро Б.A. 2019 йил 15 октябрь куни иш жойида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган. Шу сабабли, унга етказилган зарарни қоплаш мақсадида компенсация пулини ундириш учун 2022 йилда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаат юзасидан ваколатхона ҳузуридаги Меҳнат мигрантларининг мурожаатлари билан ишлаш ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Россиянинг Пенсия ва ижтимоий суғурта фондига бир неча бор мурожаат хатлари юборилиб, музокаралар ўтказилди.

Натижада юртдошимиз фойдасига 647 минг рубл (8100 AҚСҲ доллари) компенсация пули ундириб берилди. Шунингдек, фуқарога жорий йил 1 майдан бошлаб умрбод муддатга ҳар ойда 21 431 рублдан нафақа пули тўланишига эришилди.