Россия Федерациясида ҳаво ҳарорати совуб бораётган бир пайтда ушбу давлатдаги айрим ватандошларимиз орасида ўз яқинлари ва дўстларини ишга яроқсиз ҳолга тушиб қолгани ёки саломатлиги ёмонлашгани сабабли қийин вазиятда қолдириб кетиш ҳолатлари учраб турибди. Уларга Ўзбекистон ҳукумати, хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз ёрдам кўрсатмоқда, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Жорий йилнинг сентябрь ойи давомида Ўзбекистон Республикасининг Новосибирк шаҳридаги бош консулхонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига фуқаролар Х.А., И.А., К.А., П.И. турли сабабларга кўра, ишга яроқсиз ҳолатга тушиб қолгани учун Ватанга қайтарилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида фуқароларимизга Ватанга қайтиш учун авиачипталар сотиб олиниб Ўзбекистонга жўнатилди.
Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ахборотида атрофимизда меҳнат қилаётган юртдошларимизни қийин аҳволга ташлаб қўймаслик, уларга имкон қадар ёрдам бериш ўзбек миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларининг ажралмас қисми экани алоҳида қайд этилади.