Бу ҳақда Россия фанлар академиясининг Назарий ва экспериментал биофизика институти матбуот хизмати хабар берди.

“Церий таркибидаги нанозаррачалар радиация терапияси вақтида ўсма ҳужайраларини танлаб нобуд қилишга, уларнинг бўлинишини, метаболизмини ва ДНК яхлитлигини тиклаш тизимини бузишга қодир. Биз синтез параметрларини ўзгартириш орқали маълум биологик фаолликка эга наноматериалларни олишимиз мумкин”, деди Россия фанлар академиясининг Назарий ва экспериментал биофизика институти Тераностика ва ядровий тиббиёт лабораторияси бошлиғи Антон Попов.

Яқинда россиялик тадқиқотчилар церий фторид нанозаррачалари ўсма ҳужайраларига радиотерапия таъсирини танлаб кучайтириш учун ишлатилиши мумкинлигини аниқлашди. Бунинг сабаби шундаки, бу наноструктуралар саратон ҳужайраларига кириб, уларга нурланиш таъсирини кучайтира олади ва шу билан бирга улар танага киритилганда деярли эримайди, бу уларнинг соғлом тўқималарга токсик таъсирини камайтиради.

Олимлар ушбу нанозаррачаларнинг ишини соғлом илдиз ҳужайралари ва кўкрак саратони ҳужайраларида синаб кўришди. Ушбу тажрибалар церий фторид нанозарралари рентген нурланишининг ўсма ҳужайраларига таъсирини кучайтирганини ва шу билан бирга унинг соғлом ҳужайраларга салбий таъсирини камайтиришини кўрсатди, деб хабар беради tass.ru.