Ишчи гуруҳи бугун ижтимоий тармоқларда Москва шаҳридаги «Монолит капитал строй» қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик юртдошларимиз томонидан норозилик акс этган видео мурожаат юзасидан Агентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси масъул ходимлари билан биргаликда воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганди.
Юртдошларимиз билан бўлиб ўтган суҳбат давомида маълум бўлишича, мазкур компания томонидан қурилиш объектига ишга жалб қилинган 200 нафарга яқин фуқароларга иш ҳақларининг берилиши кечиктирилган ва бу ҳолат фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлган. Уларнинг яшаши ва овқатланиши билан боғлиқ муаммолар ёки фуқаролик паспортларини олиб қўйиш ҳолатлари бўлмаган.
Юқоридаги муаммони бартараф этиш мақсадида «Монолит капитал строй» қурилиш компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказилди ва юртдошларимизнинг ойлик иш ҳақларининг ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўришга келишиб олинди, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.