Ташриф доирасида Россия Федерациясининг Меҳнат ва бандлик бўйича федерал хизматида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти мудири М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Асадов, “Роструд” раҳбари М.Иванков, Россия Федерацияси Президенти маъмурияти фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш бўлими бошлиғи ўринбосари М.Виноградов ва бошқалар иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокараларда ташқи меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистонда охирги йилларда қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатиш ва ушбу мамлакатда бўлиб турган фуқароларимизнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда қайд этилишича, пандемия пайтида Россияда ишсизлар сони 3,5 миллионга етиб, ишсизлик даражаси 4,7 фоизни ташкил этмоқда. Ишсизликни камайтириш мақсадида бандлик хизматлари фаолиятини «хизматлар кўрсатиш»дан «муаммоларни ҳал қилиш» усулига ўзгартириш, тегишли янги стандартлар ва меҳнат қоидаларини жорий этиш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.
Музокараларда Ўзбекистон делегацияси томонидан пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини Россияга ишлашга жалб қилиш учун Россия ҳукуматининг Махсус комиссиясидан (тезкор штаб) рухсат олиш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича юридик фирмалар билан ўзаро алоқалар ўртаниш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ва унинг Новосибирск, Екатеринбург, Самара, Уфа вилоятларида янги ташкил этилаётган филиаллари ва “Роструд” ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, меҳнат миграциясига оид икки давлат ўртасидаги бошқа масалалар юзасидан билдирилган таклифлар бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда.