Маросимни очган Тошкент шаҳар ҳокими, Ўзбекистон Йога федерациясининг раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев меҳмонларни қутлаб, ушбу курслар йогани оммалаштиришга салмоқли ҳисса қўшишига ишонч билдирди. Бу курсларга нафақат Тошкентдаги, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ихлосмандлари жалб қилинади.
Россия Йога федерациясининг раиси Ирина Петришева эса ўз нутқида курсларнинг ташкил қилинганлиги учун миннатдорлик билдирди ва “Биз барча сирларимизни очамиз, услубиятга ўқитиб, йога ихлосмандларининг барча саволларига жавоб берамиз”, -дея таъкидлаб ўтди.
Дарс бериш учун нуфузли мураббийлар жалб қилинди. Масалан Николай Боднарук – сертификатга эга йога устаси бўлиб, Россия Йога федерациясининг Мураббийлар мактабида катта ўқитувчи ва курслар раҳбаридир. Ҳафта давомида бошқа ўқитувчилар ҳам ташриф буюрадилар.
Курслар иштирокчилари икки ҳафта давомида йогадан дарс бериш услубиятини ўрганадилар ва уларга малакасини тасдиқловчи халқаро намунадаги сертификат тақдим этилади.
Иштирокчилар орасида нафақат тошкентликлар, балки Тошкент вилоятида (Олмалиқ ва Бўка), Навоий шаҳрида, ҳатто Қирғизистон ва Россияда истиқомат қилувчилар бор.
Мазкур курслар – йога ихлосмандлари учун билим олиш ва севимли мавзуда мулоқот қилишни таъминловчи ҳақиқий байрамдир.