«Vedi Group Ural»  туркомпанияси хорижга саёҳат йўналишларини ишлаб чиқувчи Россиядаги йирик ширкатлардан бири ҳисобланади. У иккита туроператорга эга, улар Москва ва Екатеринбург шаҳрида жойлашган. «Vedi Group Ural» туроператор-ташкилотчи сифатида «Хўжа Насриддин қидирилмоқда» ва «Қадимги уста сирлари» каби сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда.  

Музокаралар давомида Ўзбекистонга Россия ҳудудларидан сайёҳлар оқимини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

«Vedi Group Ural» сайёҳлик ширкати раҳбари Вера Тимофееванинг таъкидлашича, Россия турагентликлари ва реклама менежерлари Ўзбекистон йўналишида сайёҳларни жалб этишдан  манфаатдордир. У шунингдек, Ўзбекистонга нафақат катта ёшдагиларни саёҳатга юбориш, балки мактаб ўқувчиларини мамлакатимиздаги ёзги оромгоҳларга жўнатиш масаласини ўрганиб чиқиш таклифини билдирди.

Бош консулхона ходимлари ушбу таклифни қўллаб-қувватлашларини билдирар экан, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Чотқол» болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳақидаги маълумотлар ҳамкорларга тақдим этилди.

Учрашув якунида жорий йилда россиялик ҳамкор туркомпаниялар раҳбарларини жалб қилган ҳолда биргаликда Ўзбекистонга инфотур ташкил этишга келишиб олинди.