Бу марказлар орқали кўрсатилаётган хизмат турлари тўрт йил давомида 4,5 баробар ортиб, 37 тадан 176 тага етди. Ушбу хизматларнинг 10 таси жорий йилнинг 6 ойи давомида йўлга қўйилди. Аҳамиятлиси, кўрсатилаётган хизматларнинг 52 таси текин. Ҳозир марказларда 2 минг 250 дан зиёд ходим меҳнат қилмоқда.

Давлат хизматларини кўрсатиш ва ушбу соҳани ривожлантиришда аҳолига янада қулайлик яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Сўнгги 3 йилда Президентнинг давлат хизмати кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилаш ва модернизация қилиш бўйича 30 дан ортиқ ҳужжати қабул қилинди. Натижада 200 дан ортиқ давлат хизмати қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 2 баробар (221 тадан 95 тага), хизмат кўрсатиш муддатлари 499 кундан 271 кунга (46 фоиз) қисқартирилди.

Давлат хизматлари марказлари орқали 2018-2022 йилларда жами 40 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди. Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича бир кунда ўртача 45-50 минг аҳоли Давлат хизматлари марказлари хизматларидан фойдаланмоқда. Хусусан, биргина жорий йилнинг олти ойи давомида 5,5 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган.

Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларимизга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида 900 мингдан ортиқ сайёр (мoбил) давлат хизмати кўрсатилган. Шундан жорий йилнинг 6 ойи давомида кўрсатилган сайёр хизматлар сони 270 мингдан ортиқни ташкил қилди.

Фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) марказидан 50-100 километр узоқ ҳудудларда 141 та филиал фаолияти йўлга қўйилди. Давлат хизматлари марказларининг 170 та замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Қисқа муддатларда барча марказларни замонавий бино билан таъминлаш чоралари кўрилди ва бу жараён давом этмоқда.

Бюрократиянинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган 4 та “пакет” ҳужжат аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотнома талаб этилишини бекор қилиш, 400 тадан ортиқ тартиб-таомилни соддалаштириш имконини берди. Натижада йилига ўртача 20 миллиондан ортиқ фуқаронинг оворагарчилигига чек қўйилди ва уларнинг қарийб 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежаладиган бўлди.

Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишини осонлаштириш мақсадида бугунги кунда шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими ишлаб чиқилмоқда. Ушбу тизим фуқароларга электрон рақамли имзосиз ҳам барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратади.

Масалан, ҳозир 3,1 миллиондан ортиқ фаол электрон имзо мавжуд бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати 2 йилни ташкил этади. Мобил-ID тизими эса мобил алоқа хизматларидан фойдаланаётган 24 миллион аҳоли учун алоҳида флеш-картани олиб юрмасдан хизматлардан фойдаланиш имконини беради.

Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча хизматларни экстерриториал тамойил асосида кўрсатиш йўлга қўйилди. Яъни аҳоли ва тадбиркорларимиз доимий рўйхатдан ўтган жойидан (пропискага) ёки яшаш жойидан қатъи назар, исталган ёки ўзига қулай жойдаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Давлат органлари иш услубини ўзгартириб, фаолиятини рақамлаштириш чораларини кўряпти, бекор бўлган ҳужжатларни аҳолидан талаб қилмаслик учун ўз ахборот тизимини шакллантирмоқда. Натижада аҳолининг электрон (масофавий) давлат хизматларидан фойдаланиш улуши 15 фоиздан ошди. Юздан ортиқ хизмат тўлови қисқартирилди, 2 турдаги хизмат учун тўлов ундириш бекор қилинди, 50 та хизмат бепул кўрсатилмоқда.

Аҳолига қулайлик яратиш ва тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришда муҳим йўналиш — лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш. Бир йил олдин “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан 100 га яқин қарор ўз кучини йўқотган, деб топилди ва ягона тартиб белгиланди.

Лицензия ва рухсат бериш ҳужжатлари 30 фоиз қисқартирилди. 102 та лицензия бекор қилинди (68 та лицензия, 34 та рухсатнома). Қонун билан 49 та лицензия, 120 та рухсат бериш ҳужжати, 33 та хабарноманинг якуний рўйхати тасдиқланган. Соҳада илк маротаба хабардор қилиш институти жорий этилди.

Битта ҳужжат билан барча низомлар тасдиқланди, шу соҳани тартибга солувчи 250 дан ортиқ ҳужжат бекор қилинди. Энди аҳоли аввалгидек 200 дан ортиқ ҳужжатга мурожаат қилиб юрмайди.

“Лицензия” ахборот тизими яратилди ва жараён электронлаштирилди. Натижада лицензия ва рухсатномалардаги мавжуд 15 мингдан ортиқ талаб ва шарт 2 баробар, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириб бериш муддатлари 2-3 баробар қисқартирилди. Лицензия ва рухсатномаларни махсус бланкаларда чоп этиш учун ҳар йили сарфланадиган 13 миллиард сўм маблағ ва қарийб 1,2 миллион пачка қоғоз тежалишига эришилди. Фуқароларнинг 5-10 та идорага бориб келишига чек қўйилди.

Тўлиқ электрон тизим орқали 80 дан ортиқ лицензия бериш йўлга қўйилди. 32 мингта электрон лицензия берилди. Натижада 40 минг фуқаронинг лицензияловчи органларга овора бўлиб келиши, 100 минг маротабадан ортиқ келишиш учун бошқа органларга боришининг олди олинди. Уларнинг бориш-келиши билан боғлиқ 2 миллиард сўмга яқин маблағи тежалди.

Шу билан бирга, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини ривожлантиришдаги қилинадиган ишлар талайгина. Хусусан, бугунги кунда барча давлат хизматларини комплекс ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича дастурий ҳужжат мавжуд эмас. Барча давлат идоралари хизматларини ўзига мос тарзда кўрсатмоқда. Ваҳоланки, давлат хизматини кўрсатишда, биринчи навбатда, аҳоли манфаатлари ва уларга қулайлик нуқтаи назаридан ёндашиш лозим.

Аҳолига давлат хизматларининг аксарияти ҳамон анъанавий шаклда кўрсатилмоқда. Масалан, 750 та давлат хизматидан 325 таси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, шундан 172 таси Давлат хизматлари марказлари ҳиссасига тўғри келади.

Кўрсатилаётган хизматлар улушида электрон давлат хизматларидан фойдаланиш жуда кам. Шу сабабли электрон давлат хизматлари кўрсатиш кўламини кенгайтириш бўйича ҳам давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Бу эса мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, фойдаланувчиларга сифатли ва тезкор давлат хизматларини тақдим этиш имконини беради.

Тизимдаги бу каби ислоҳотлар аҳолининг давлат хизматларига талабини самарали қондириш, мустақил равишда масофадан туриб фойдаланиш имконияти ошиши, давлат хизматларининг барча ҳудудларга кириб бориши, аҳоли ва тадбиркорларга қатор йўналишларда қулайликлар яратилишига хизмат қилади.

Русланбек ДАВЛЕТОВ,

адлия вазири