Шундан сўнг абитуриентларни тест синовлари кутмоқда. Ҳар иккала жараённинг максимал равишда очиқ ва шаффоф бўлишига жиддий эътибор қаратилган. Куни кеча юридик техникумлар фаолиятига доир шу ва бошқа ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Видеоконференция форматида ўтган йиғилишда Адлия вазири Русланбек Давлетов, Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов, ҳудудий адлия бошқармалари ҳамда юридик техникумлар раҳбарлари иштирок этди.

Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолияти Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ такомиллаштирилмоқда. Шунга кўра эндиликда мазкур таълим муассасаларига қабул тест синовлари асосида амалга оширилади. Таълим эса кредит-модуль тизими бўйича олиб борилади. Бундай ёндашув ўқувчиларга мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш имконини бериб, пировард натижада юридик кадрлар рақобатбардошлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Эслатиш керак, юридик техникумлар битирувчилари нотариус ёки судья ёрдамчиси, давлат ижрочиси, ФҲДЁ бўлими инспектори, Давлат хизматлари маркази мутахассиси ва бошқа ўнлаб вазифаларда ишлаши мумкин.

Техникумни муваффақиятли тамомлаган йигит-қизлар Тошкент давлат юридик университетига тест синовларисиз, суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.

— Юридик техникумларда таълим сифатини талаб даражасига етказиш бирламчи масала, — таъкидлади Русланбек Давлетов. — Бунинг учун, аввало, педагогларнинг сифат-савиясини ошириш, энг малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳақида бош қотиришимиз зарур. Коррупция, таниш-билишчиликка асло йўл қўйиб бўлмайди! Қабулда ишлаётганларга ҳам талабимиз шу! Пора олган ёки таъмагирлик қилган раҳбар ва ходимлар билан дарҳол хайрлашамиз. Юридик техникумларга ўқитувчилар бутун адлия тизимида татбиқ этилган механизм асосида ишга олинади. Яъни номзодларни махсус комиссия саралайди, жараён бошидан охиригача онлайн трансляция қилиб борилади. Ҳалол, ўз соҳасининг билимдони бўлган педагогларни рағбатлантириш имкони ҳам мавжуд. Сабаби энди ҳар бир ўқув даргоҳига табақалаштирилган контракт тўловидан тушган маблағни мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи берилган.

Юридик техникумларни замонавий кадрлар билан таъминлаш масаласига Тошкент давлат юридик университети ректори ҳам ўз муносабатини билдириб, университет битирувчилари салоҳиятидан фойдаланишни таклиф қилди. Зотан, улар кредит-модуль тизими нималигини билади. Шу жиҳатдан техникумлар фаолиятида жорий қилинаётган янгиликларни қийналмай ўзлаштира олади.

Йиғилишда юридик кадрлар тайёрлайдиган ҳар бир ўрта махсус таълим муассасаси кредит-модуль тизими қандай ишлашини мукаммал тушуниб олиши зарурлиги қайд этилди. “Керак бўлса бу бўйича мутахассисларни сертификатлаштириш тажрибасидан фойдаланайлик”, — деди Адлия вазири Р.Давлетов.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан йиғилишнинг бошқа иштирокчилари ҳам фикр-мулоҳаза ва таклифлари билан ўртоқлашди.

Тошкент давлат юридик университети

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими