Губернатор Тошкентда Рязан вилоятида фаолият юритаётган корхоналар маҳсулотларини намойиш этувчи шоурум очилганини маълум қилиб, ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда мазкур ҳодиса аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Рязан вилоятида фаолият юритувчи 56 та корхона беш юзга яқин маҳсулот намуналарини ушбу шоурумда тақдим этади, ўнта корхона раҳбарлари эса мулоқот қилиш, алоқа ўрнатиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш учун Тошкентга ташриф буюрди. Иқтисодий ҳамкорликнинг аҳамиятига урғу берган губернатор маданий алоқалар муҳимлигини ҳам таъкидлаб, Рязандаги ўзбекларнинг катта диаспораси ҳақида тўхталиб ўтди ва келгуси йилда «Рязанда Тошкент кунларини» ўтказиш ва Рязан санъаткорларининг Тошкентга гастроль сафарини ташкил этиш нияти борлигини маълум қилди.

Тошкент ҳокими ҳамкорлик ва шериклик зарурлигини таъкидлаб, шоурумнинг очилиши самарали ҳамкорликнинг янги босқичга чиқишига далил деб ҳисоблашини айтди. Шунингдек, фақат иқтисодий шериклик билан чекланиб қолмасдан, алоқаларни кенгайтиришни ва маданий дастурлар алмашишни, ёшларни тадбирларга кенг жалб этишни таклиф қилди.

Ўзаро мулоқот давомида ҳоким ва губернатор коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш борасидаги ишлар ҳолатини муҳокама қилдилар ва фуқароларни эмлашга рағбатлантириш усуллари ҳақида маълумот алмашдилар.

Томонлар технопаркларни ташкил қилиш тажрибаси билан ҳам ўртоқлашдилар ва иқтисодиёт, маданият ҳамда туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.