Ушбу тизим “Сколтех” катта ўқитувчиси Андрей Сомов бошчилигида “Сколтех” ва Санкт-Петербург давлат аэрокосмик асбоблар университети тадқиқотчилари гуруҳи томонидан ишлаб чиқилди. Ушбу тадқиқот гуруҳи узоқ вақт давомида турли маҳсулотларни, жумладан, сабзавот ва меваларни таний оладиган сунъий интеллект тизимларини яратиш устида ишламоқда.
Олимлар янги тадқиқот ишини ўзлари ишлаб чиққан нейротармоқларни муҳим ва айни пайтда жуда кўп меҳнат талаб қиладиган вазифа – йиғим-теримдан кейин сабзавот ва меваларни сақлаш вақтида таъсир этувчи турли нуқсон ва касалликларни аниқлашга мослаштиришди. Ҳозирда мазкур муаммоларни ҳал этиш учун спектрнинг инфрақизил қисмида ишлайдиган мульти ва гиперспектраль камералардан фойдаланилмоқда.
Тадқиқотчилар бир хил муаммони анъанавий камералар ва иккита турдаги нейротармоқлар тўплами ёрдамида ҳал қилиш мумкинлигини аниқлашди, Хусусан, олимлар сунъий интеллект тизимини олма юзасида икки турдаги нуқсонларни – чириш ва моғорни аниқлаш учун мослаштира олди.
Кейинги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, олимлар томонидан яратилган сунъий интеллект тизими олманинг тўрт хил навининг фотосуратларини таҳлил қила олди, моғор ва чириган меваларни топди ва уларни 98 фоизлик эҳтимоллик билан бузилмаган мевалардан ажрата олди. Бу ҳосилнинг ҳолатини кузатиш ва касалликлар тарқалиши учун ўчоқ бўлиб хизмат қиладиган касал мева ва сабзавотларни ўз вақтида олиб ташлаш учун ана шундай алгоритмлардан фойдаланиш имконини беради, деб хабар беради tass.ru