Кеча Марокашнинг Работ шаҳрида футбол бўйича  Африканинг энг яхшиларини аниқлаш ва тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Сенегал миллий жамоаси ҳужумчиси Садио Мане қитъада йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Яқинда “Бавария”га ўтган Садио “Ливерпул”даги собиқ жамоадоши, мисрлик Муҳаммад Салоҳ ва “Челси” дарвозабони, ҳамюрти Эдуард Мендини ортда қолдирди.

30 ёшли футболчи ўтган мавсумда “Ливерпул” сафида Англия кубоги ва Англия лига кубоги ғолиби бўлди. Шунингдек, у Чемпионлар лигаси финалига чиқди ва Премьер-лигада 2-ўринни эгаллади.

Садио февраль ойида миллий жамоасига ўз тарихида биринчи марта Африка Миллатлар Кубогида ғолиб чиқишга ёрдам берди.

Маросимда  Сенегал миллий термаси мавсумнинг энг яхши жамоаси деб топилди.