Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш билан бирга, ёшларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг маданий саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш каби бир қанча устувор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига йўллаган табригида давлатимиз раҳбарининг «Ёшларимизни она Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан давом эттирамиз», деган сўзлари замирида ҳам улкан маъно мужассамдир.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон ҚУРОНОВ билан садоқат, ватанпарварлик, илм ва умр мазмуни мавзуларида суҳбатлашдик.

— Ватанга содиқлик тушунчаси нимада кўринади, у ўзини қандай намоён қилади?

— Бу саволга ҳар бир йигит-қизнинг ўз жавоби бўлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, садоқатни кинофильм, спектакль, китоблардан ҳаётга олиб чиқишимиз керак. Токи тўрт томонимизда ватаним, деб ўз соҳасида шижоат кўрсатаётган миллионлаб йигит-қизларни кўрайлик. Акс ҳолда, садоқат дилда, ё тильда қолиб кетиши мумкин. Ватанга содиқлик — фазилат. Тарбия, маърифат ҳосиласи. Ватанга садоқат бугун биздан нималарни талаб қиляпти? Меҳр ва сафарбарликни. Амалий, натижали ишларни. Президентимиз иборалари билан айтганда, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак.

— Ватанпарвар сўзини эшитганимизда, кўҳна тарих, Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, жадид боболаримиз, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг жасоратлари гавдаланади. Бугунчи?

— Улар ўз замонасида Ватаним, халқим учун, деб бор фарзандлик меҳри ва ватанпарварлигини, садоқатини сафарбар этган. Бугун Ҳаракатлар стратегияси биздан садоқатнинг маъносини бугунги кун шиддатидан келиб чиқиб тушунишни талаб қилмоқда. Ҳукуматимиз халқимизнинг эртага эмас, ҳозир, бугун бахтли яшашини истайди. Бу биздан садоқатни ҳам эртага, келажакда ёки фавқулодда ҳолатда эмас, бугун, ҳозир сафарбар этишни талаб қилмоқда. Сафарбар садоқатнинг бугунги талаблари, риояси қандай? Буни англаш учун Ватанга содиқ инсон қандай бўлиши керак? Ватан биздек ўғил-қизларидан ёлчиши учун биз амалда нималарни қилиш ё қилмаслигимиз керак? Ёки нега байроғимизни, ундаги мовий ранг — садоқат тимсолини бошимиздан ҳам баланд тутамиз?, деган саволларга жавобларимиз бўлиши керак.

— Садоқат ўзи нима?

— Масалага илмий ёндашмасак, адашамиз. Садоқат баландпарвоз сўз бўлиб қолаверади. Садоқат одамнинг Ватани, унга ишонган, уни севган кишилари олдидаги бурчини англашидан келиб чиқувчи фидойилиги, жавонмардлиги. Унинг маъноси «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да дўстлик, бирдамлик, самимийлик, чин қалбдан берилганлик, содиқлик, вафодорлик деган сўзларда очиб берилган. Шояд, болам шундай бўлса, деб Содиқ, Сиддиқ, Садоқат, Сиддиқа, Муҳаммад Содиқ, деган исмлар қўяди боласига ўзбек. Садоқат — кучли характер белгиси. У одамдан ўз бурчини оқлаш учун тўсиқ ва қийинчиликлардан чекинмасликни, тоймасликни, қайтмасликни, уларни мардона, чидам билан бартараф қилишни, ўзини қийнашни талаб қилади. Садоқатли бўлиш учун нима қилмаслик кераклиги Президентимиз Мурожаатномасида аниқ-тиниқ очиб берилди: «Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга, албатта, етамиз...». Бу йўлдан бораётган мард йигит-қизга ҳар хил чалғитувчи манфаат, енгиллик, алдовлар ишва қилиб, «Ўзингизни қийнаб нима қиласиз. Ҳамма шундай қиладику. Ўзингизни ўйласангизчи?», дейди. Лекин содиқ йигит, сиддиқа қиз бу алдовларга учмайди. Қанча қийин бўлмасин, унга ишониб топширилган ишончни оқлаб, натижага эришишда собит бўлади. Катта ишонч катта садоқатни талаб қилади. Уни оқлаш учун одамдаги барча яхши фазилатлар оёққа туради, ишга тушади. Садоқат одамнинг юзини ёруғ қилади, унинг ўзига ишончи ва ҳурматини оширади.

— Президентимиз томонидан садоқат фазилатига алоҳида эътибор қаратилиши маънавиятни ҳаёт билан боғлаш йўлини кўрсатиб берди. Шундай эмасми?

— Тўғри. Бугун биздан меҳнатда, ишда ўз бурчига садоқат талаб этилмоқда. Бу ҳар биримизга ҳар куни берилаётган имконият. Масалан, спортчи ёшларимизнинг юртга садоқати уларнинг ғалабаларида мужассам. Айни вақтда ёшларимизга ибрат бўлиб, уларда Ватанга садоқатни тарбияламоқда. Ватанга садоқат нафақат спорт, балки интеллектуал кураш майдонларида ҳам намоён бўлади. Юртбошимизнинг «...Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар», деган эътирофига муяссар бўлди.

— Садоқатнинг зидди — хиёнат ҳам соҳавий хусусиятга эга эканда?!

— Албатта. Таълим соҳасида хиёнатнинг нималарга олиб келишига бир мисол. Дунёнинг халқаро аккредитациясига эга, қадимий университетларидан бири Unisaга кираверишда мана бу ёзувни ўқийсиз: «Миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга учувчи ракеталарни ташлаш шарт эмас. Таълим сифатини пасайтириб, ўқувчиларнинг ёлғон гапиришига рухсат берилса, бас. Ана шунда: бундай врачлар қўлидан касаллар ўлим топади. Бундай инженерлар дастидан бинолар қулайди. Бундай иқтисодчи-бухгалтерлар дастидан пуллар йўқ бўлиб кетади. Бундай дин олимлари дастидан инсоният ўлимга юз тутади. Бундай юрист ва судьялар дастидан адолат йўқолади. Бундай қонуншунослар дастидан бошқарув йўқолади. Таълим инқирози — миллат инқирозидир».

— Баъзилар садоқатни сўзда намоён қилса ҳам бўлади, деб ўйлайди. Лаганбардорлик, кўзбўямачилик, юзакиликни «бўяб», садоқатга ўхшатишга ҳаракат қилади. Нега шундай?

— Бу Ватанга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишдек мардона тамойилимизга зид. Одам боласи қиладиган жиноятларнинг энг оғири — Ватанга хиёнат бўлса, демак, энг шарафли иш — Ватанга садоқат. Чунки Ватан ичида халқ бор.

Садоқатнинг формуласи бўлса, у «Аввал Ватан, кейин мен», деган ифода бўларди. Хиёнатники эса кўп бўларди: «Аввал мен — кейин Ватан», ёки «Така бўлсин, сут берсин», ёки «Тирикчиликнинг айби йўқ», дерди. Хиёнат ана шундай характерсиз, номард, беқарор, дунёқараши бузуқ, «умуртқасиз», субутсиз, тутуриқсиз, манфаатпараст, бойлик ёки амалга ўч, худбин, қўрқоқ кишилар томонидан содир қилинади.

Одам қийин вазиятга тушганида уч йўлдан бирини тутади. Курашиб, муаммони ҳал қилиш, индамай ташлаб қўйиш ва муаммодан қочиш. Ана шу лаҳзаларда шайтон хиёнатга адвокатлик қилади. Ношукурликка, ўз зиммасига олган бурчни қўрқув ёки масъулиятини бўйнига олишдан қочишга ундайди. Дарсни сифатсиз ўтиш, таъмирни номига қилиш, ишга кеч келиб, эрта кетиш, ўзи қўл қўйган шартнома шартларини бузиш, солиқдан қочиш (яшириш), тарозидан, литрдан уриб қолиш, жиноятни яшириш, қарз олиб, кеч қайтариш ёки бермаслик, ёлғон ҳисобот бериш, мансаб ваколатини ошириш, кўз­бўямачилик, соғни бемор, беморни соғ деб маълумотлар бериш, устозлик, қурувчилик, ходимлик, ҳамкорлик, дўстлик, хизмат бурчи, касбий, функционал вазифа, хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзига билдирилган ишончлар оқланмай қолади.

Ҳар биримиз ҳар куни ўз қарорларимизни қабул қиламиз. Бу қарор, ғоялар ҳозир ёки эртага қиладиган иш-ҳаракат, хулқимизнинг лойиҳалари. «Ҳаракат(старт)», деган тугма босилганида, улар ишга тушади. Ишга, натижага айланади.

— Ёшларимизни хиёнат иллатидан қандай ҳимоя қилиш мумкин?

— Одам болаликдан кичик-кичик «садоқат-хиёнат»ларни кўриб улғаяди. Масалан, ота ё она боласига бирор нарсани ваъда бериб, бажармайди. Бир гапни ўз вақтида айтиш керак — айтилмайди. Эртароқ келиш керак — кечроқ келинади. Кечроқ кетиш керак — эрта кетилади. Ўзини қийнаши керак, ўзини қийнамайди. Ўзи қилиши керак бўлган ишни — бировга «қараб қўй», дейди. «Нега бундай қилдингиз?», десангиз, «Биринчи мартаку. Нима қипти? Ўзингиз шундай дегандек бўлувдингизку! Озгинаку. Ўтиб кетадику. Ҳамма шундай қиладику. Ҳеч ким сезмадику», деб оқланади. Булар — хиёнатнинг юмшоқроқ, бошқа сўзлар билан «оқланадиган» кўринишлари. Симптом, сигналлари. Бундай муҳитда катта хиёнат хатари яшайди. Бу иллат урчиса, миллий инқироз, стагнация, бир жойда депсиниб туравериш юзага келади.

— Нима қилиш керак?

— Ҳозир биз тарбия билан шуғулланяпмиз, деяпмиз. Лекин аслида таълим билан шуғулланамиз. Шунинг учун таълим-тарбия бўйича масъуллар энг қўрқадиган савол: «Ўтган ўқув йилида тарбия бўйича қандай натижага эришдингиз?». Бирорта ақлли одам чиқиб, шу саволни бериб қолмасинда, деб жон ҳовучлаб юради. Чунки тарбияга соат ҳам, жадвал ҳам, штат ҳам ажратилмаган. Шунинг учун ўтказилган тадбирлар сони бор, лекин энг асосий нарса — натижа йўқ. Чунки унинг натижаси нималарда кўринишини ва қандай бўлиши кераклигини билмаймиз.

Миллий юксалиш даври келди. Энди бундан тўхтаб, натижасиз, насия тарбиядан натижали — нақд тарбияга ўтишимиз зарур. Тарбия натижаси фазилатларда намоён бўлади. Шундай экан, фазилат-компетенцияларни ўргатишга киришишимиз керак. Жумладан, ҳар бир таълим муассасаси тарбиявий иш режасига «Садоқат тарбияси» деган мавзу кириши керак. Киритмадикми, эртага ҳаётда бизни кутиб оладиган катта-кичик хиёнатлардан хафа бўлмайлик. Чунки ҳар бир катта-кичик хиёнат бу — садоқат тарбияси берилмагани учун олинадиган ўч. Ўз вақтида садоқат нелигини, муқаддаслиги тушунтирилмаганининг, одатлантирилмаганининг оқибати. Яна, яна ва яна маънавият, яна тарбия. Яна эрта профилактика. Аслида тарбия бу — эрта профилактика дегани.

— Бу оилага ҳам боғлиқ, тўғрими?

— Албатта. Асосий тарбия уйда бўлади. Уйда ота билан онанинг дили, тили бир бўлиши керак. Баъзида ота «йўқ», деса, она «хўп», дейди. Бола бир муаммонинг икки хил ечими бўлиши мумкинлигини кўриб, ҳайрон бўлади. Оталар кўпинча меҳнатли роҳатни, оналар — меҳнатсиз роҳатни таклиф қиладилар. Болага қайси ёқади? У 10 марта мақсадга сабр билан, меҳнат қилиб эришса, тўғриликка — садоқатга ўрганади. 10 марта роҳатга «ҳозир ва шу ернинг ўзида», бунинг устига меҳнатсиз эришсачи? Ўғриликка, ўзи ўзига хиёнатга, ўзи ўзини алдашга ўрганади. Хуллас, ҳар бир ота-она — пир, тренер, устоз. Ҳар бир фарзанд — шогирд.

— Айтингчи, нега илмни хазина ва саодат калити деб аташади?

— Ҳаётнинг гўзаллиги, инсонийликнинг бардавомлиги, жамиятнинг фаровонлиги илм туфайлидир. «Илм ёлғизликда ҳамроҳ, ғурбатда сирдош, дўстлар ҳузурида зийнат, душманларга қарши ўткир қурол», деган экан Ризоуддин бин Фахриддин. Одам бўлиш учун, оила қуриш учун, овқатланиш, кийиниш, юриш-туриш, саломлашиш, сўзлашишиш, деҳқончилик ва тижорат қилиш учун ҳам илм керак. Илм кирмаган ва бошқармаган бирон соҳа йўқ. У Яратган берган неъматларнинг энг фазилатлиси ва қудратлиси, дунёдаги бор нарсанинг, амалнинг, бахту саодатнинг, савобу гуноҳнинг барчасини мағзини чақа билади, мафтункор ва яширин ҳақиқатни кашф эта олади. Илм инсонга бешикдан то қабргача ҳамроҳ бўлади, таълим-тарбия беради, раҳнамолик қилади. Ўзлигини билишга, охир-оқибат, Ўзни танишга ва унинг розилигини олишга етаклайди.

Доноларимиз: «Илм дунё ва охиратда ўзига фойда ва зарар бўладиган нарсаларни билмоқ демакдир», «Илм йўли бир муборак йўлдир, лекин кўп машаққатли ва оғирдир, шундай бўлсада, боши — саодат, охири камолотга бориб тўхтайди», деб ёзиб қолдирган. Яҳё ибн Муоз эса: «Илмнинг боши сукут, кейингиси тинглаш, ундан кейингиси эса уни ёд олиш ва навбатдагиси, унга амал қилиш ва энг охири, инсонларга ўргатишдир», деган. Илм саодат сари етаклайди, кишига нур бахш этади. Қийинчликларда ёрдам қўлини чўзади, мушкулнинг тугунини беминнат ечади. Манман, кеккайган кишининг қалб кўзини яхшиликлар ила очади. Унинг воситасида тарбия, эътиқод, имоннинг бутунлиги таъмин этилади. Халқнинг фаровонлиги йўлида мўъжизалар яратишга онгли хизмат қилади, доимо Ҳақни ва ҳақиқатни ёқлайди. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В) алоҳида таъкидлаганлар: «Илм саҳрода дўст, ҳаёт чорраҳаларида таянч, ёлғиз дамларда йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули онларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши қуролдир». Илм туфайли, ҳаётимиз давомида туганмас хазиналарни топаверамиз, кўнгилнинг ­ОДАМИЙЛИК деган саодат манзилига унинг мўъжазгина калити ила йўл топамиз.

— Умр ва умрнинг мазмунини қандай тушуниш мумкин?

— Умр, ўлчовсиз берилган вақт, бугун бор, эртага эса йўқ. Шараф билан яшаш, борига шукр, йўғига сабр қилиш, бирини кўриб фикр ва бирини кўриб зикр қилиш, кечириш ва кечиримли бўлиш, афв сўраб, яхшиликни кўзига тик қараб, ҳалол яшаш умрнинг мазмунидир.

Одамнинг умрини оқар сувга қиёс қиладилар. Умр ҳам сув каби лойқаланиб, гоҳ тиниб, гоҳ тўлқинланиб, гоҳ сокин оқади. Бироқ қалб садоқатга, покликка тўлиқ бўлса, умр ҳамма вақт ҳар ишда яратиш билан банд бўлади. Унинг оқими қай тарзда бўлмасин, ҳамма учун ҳамиша ҳаётий ташвиш ва шу ташвишни енгувчи куч бахшида қилади, натижаси ҳузур ва роҳатга олиб боради. Демак, садоқат, ватанпарварлик, илм умрнинг мевҳаридир. Ҳақиқат ва адолатнинг бош тарозисидир. Садоқатли бўлинг, илмга интилинг, она диёрингизни севинг — умрингизни нурга ўрайсиз!

Янги Ўзбекистон” мухбири

Гуличеҳра ДУРДИЕВА суҳбатлашди