Америкалик тадбиркор Марк Лор АҚШда Телос номли янги шаҳар яратилишини эълон қилди. 

Маълум бўлишича, шаҳарнинг лойиҳаси Дания “Bjarke Ingels Group” архитектура фирмаси томонидан ишлаб чиқилган. У АҚШнинг ғарбий қисмида, 60,7 минг гектардан ортиқ саҳро майдонида қурилади. Лойиҳанинг мақсади шаҳар ҳаётининг глобал стандартини белгилаш, инсон салоҳиятини кенгайтириш ва келажак авлодларга намуна бўлиш экани айтилган.

Таъкидланишича, Телос яратувчилари мутлақо экологик тоза шаҳар қуришга ваъда берган. Шаҳар иншоотларини қуриш учун “яшил” материаллардан фойдаланилади, биноларнинг ташқи қисми қисман ўсимликлар билан қопланади. У ерда истиқомат қилувчи аҳолининг аксарияти пиёда ҳаракатланади, шаҳарнинг транспорт тизими велосипедлар, паст тезликда учувчи самолётлар, битта темирйўл ва ҳаво таксисини ўз ичига олади.

Қайд этилишича, янги шаҳар қурилиши босқичма-босқич амалга оширилади, 2030 йилга келиб Телоснинг умумий майдони 607 гектарга яқин бўлган 50 минг аҳолиси бўлади, кейин 2070 йилгача шаҳар аста-секин кенгайиб боради ҳамда “келажак шаҳри” 5 миллион кишига кўпаяди. Қурилишнинг умумий қиймати 400 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Молиялаштириш турли манбалар, жумладан, хусусий сармоядорлар, хайриячилар, давлат грантлари ва субсидиялари ҳисобидан амалга оширилиши кутилмоқда.