Мўйноқ ҳақида гап кетганида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар гапларида “Маданият Мўйноқдан бошланади” деб таъкидлайдиган сўзлар қулоғим остида жаранглайди. Чиндан ҳам туманимизга давлат даражасида эътибор қаратиляпти. Бир муаллим сифатида мен бу эътибордан фахрланаман. Яратганга шукрки, бир вақтлар унутилиб, эътибордан четда қолган Мўйноққа бугун жўшқин ҳаёт қайтди. Кенг йўллар ёқасидаги замонавий уйлар, меҳмонхоналар, боғча-мактаблар пойтахтдагилардан асло қолишмайди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасига қараб, инсон ўз заковати ва меҳнатсеварлиги туфайли саҳрони бўстонга айлантириб юбориши мумкинлигига гувоҳ бўлиш мумкин.
Ҳар гал синфхонасига кириб янгича фикрлаётган қоракўзлар – севимли ўқувчиларимнинг бахт ва ишончдан ёришиб турган чеҳраларига боқиб шодланиб кетаман. Давлатимиз раҳбарининг, “Катта-катта иморатлар, замонавий техника билан мақтаниш керак эмас. Ақлли, билимли, фидойи фарзандларни тарбияласак, улар Ватанга садоқат билан хизмат қилса, энг катта бойлик, бахт мана шудир”, деган сўзлари ёдимга тушади.
Куни кеча ўқувчиларим билан табиат қўйнига сайрга чиқиб, мушоира уюштирдик. Айланиб юриб Мўйноқ заминида учиб юрган оққушларга кўзимиз тушди. Бу гўзал қушлар Орол қуригач анча пайтларгача кўринмай қолишган эди. Баъзан озгина эътибор ҳам табиат учун етарли бўлиши мумкин. Жуда Орол тўлмаса ҳам ён-атрофдаги кўлларга сув келиб қолган эди, оққушлар ҳам қайтди. Буни бизга Мўйноқ табиат музейидагилар айтиб беришди. Оққушларнинг қайтганига бир йил бўлибди. Ўтган йили майда кўриниш берган қушларнинг салмоғи, кўз тегмасин, бу йил янада кўп.
Оққушлар билан саломлашгач, ўқувчилар она юрт ва табиат ҳақида ёзилган шеърлардан ўқиб баҳри байт ўйнашди. Шундан сўнг туманимизнинг марказий кўчасида жойлашган IT маркази билан “Китоб-кафе” бўлди. Ёшлар бу ерда мутолаа қилиш имконига эга. 5000 донадан зиёд китоб, 2000 электрон ва 1000 аудио китоб жамғармасига эга масканга ҳар куни ўртача ҳисобда 40-50 ўқувчи келар экан. Иншоотнинг ички дизайни чиройли ва дид билан безатилган. Ташкилотчилар томонидан китобхон ўқувчилар орасида турли танловлар тез-тез ўтказилиб, муносиблар тақдирланиб борилади. Бу, албатта, китобхон ёшларнинг сафи ортишига сабаб бўлмоқда.
— Ҳар куни мактабдан сўнг “Китоб-кафе”га шошиб келаётган ўқувчи-ёшларга қараб қувонаман. Улар китоб ўқишга интилмоқда. Зеро, китоб ўқиган фарзанд фақат телевизор кўриб, интернет оғушида катта бўлган тенгқурларидан устун, — дейди “Китоб-кафе” раҳбари Венера Саъдуллаева. — Улар билан суҳбатлашар эканмиз, дунёқарашининг ҳам кун сайин кенгайиб бораётгани сезилади. Бизда китобхонлар ёши чекланмаган, барча ёшдагилар келиб, хизматларимиздан бемалол фойдаланса бўлади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш сифатига ҳам эътибор қаратамиз. Яқинда янгича қаҳва тайёрлаш усулини ўйлаб топдик ва “Мўйноқ қаҳва” деб номладик. У кўпчиликка манзур бўлмоқда.
“Китоб-кафе” ёнида ёшларни компьютер технологияларини ўргатувчи IT маркази фаолият кўрсатмоқда. Марказ сўнгги русумдаги компьютерлар билан таъминланди, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали ўқитувчилари томонидан ёшларга компьютер сирлари ўргатилмоқда.
— Бу марказга келиб, ёшлардаги интилишни кўриб, ҳайратга тушдим. Қизиқувчилар сони кўп бўлгани боис, кунига 3 марта дарс ўтишга тўғри келяпти. Улар билан ишлаш жуда мароқли. Марказимизга замонавий компьютерлар келтирилган, сўнгги авлод принтерларини кўриб, ўзимиз ҳам ҳаяжонландик. Оролбўйи ҳудуди болалари шундай шароитларда бепул ўқитилиши мамлакатимизнинг ёшларга бўлган катта эътиборидан далолат, — дейди Шахан Абдиғаниев.
Президентимизнинг Мўйноқни ривожлантириш борасида илгари сурган ғоя ва ташаббуслари, улар асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Мўйноқда қад кўтарган замонавий иншоотлар, боғлар, Адиблар хиёбони, Ҳунармандлар аллеяси, музейлар, мусиқа ва санъат мактаби, хуллас, том маънода маданият Мўйноқдан бошланаётганининг ёрқин ифодасидир.
Ана шу қувончли кузатувларимни “Янги Ўзбекистон” таҳириятининг ижодий ходимларига йўллагим келди.
Салом билан
Насиба АЛМАГАНБЕТОВА,
Мўйноқ тумани 6-сонли умумтаълим мактабининг
ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси