Нуфузли анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан 5 мингга яқин вакил қатнашмоқда.

Конгресс доирасида трансмиллий жиноятчилик, терроризм, наркотрафик, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Саида Мирзиёева анжуман доирасида БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан ҳам учрашди.

«Биз БМТнинг ушбу тузилмаси билан фаол ҳамкорлик қилиб, қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз», — деди Саида Мирзиёева.

Қайд этилишича, мазкур конгресс Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этган. Барча иштирокчи давлатлар навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш бўйича мамлакат ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Бу ташаббус якуний декларацияда ҳам ўз тасдиғини топган.

Саида Мирзиёева бу қарорни Ўзбекистонга нисбатан халқаро миқёсдаги юксак ишонч рамзи сифатида баҳолади.

2031 йилда Ўзбекистон дунёнинг турли мамлакатларидан келадиган делегацияларни қабул қилади. Навбатдаги конгрессга тайёргарлик жараёни беш йил давомида олиб борилади.