Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бухоро вилоятидаги айрим ижтимоий объектлар аҳволини қаттиқ танқид қилди.
Саида Мирзиёева ўзининг Telegram саҳифасида Бухорода кўздан кечирилган болалар боғчалари ва поликлиникаларнинг аҳволи «ниҳоятда ачинарли» эканини қайд этди.
Маълум қилинишича, 1977 йилда очилган 21-сонли болалар боғчаси қайтадан қурилади. Шунингдек, 46 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи 9-сонли поликлиника учун янги бино барпо этилади.
Қайд этилишича, мазкур поликлиника ҳозирда 1972 йилда қурилган ва тиббий стандартларга жавоб бермайдиган бинода — кам таъминланган фуқаролар учун мўлжалланган ётоқхонада фаолият юритмоқда. Бино тўлиқ таъмирланиб, у ерда яшовчиларнинг яшаш шароитлари яхшиланиши билдирилди.
Бундан ташқари, келгуси икки йил ичида Бухоро вилоятининг чекка туманларида жойлашган яна 36 та поликлиникани реконструкция қилиш режалаштирилган.
Унинг таъкидлашича, ҳудудларга амалга оширилаётган сафарлар Президент топшириқлари ижросини назорат қилиш ва жойлардаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган.