Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, шу мақсадда қатор йирик меъморий лойиҳалар ташаббускорлари, мустақил мутахассислар ва урбанистлар, етакчи ихтисослашган ижодий студиялар ҳамда олий таълим муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказилган.
«Биргаликда ечим топишимиз керак бўлган масалалар талайгина — муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий объектлар зиммасига катта юк тушаётганидан тортиб, электр ҳамда сув таъминоти муаммоларигача. Янги қурилишлар шаҳарни ривожлантиришга хизмат қилиши, қўшимча номутаносиблик келтириб чиқармаслиги ва ҳудудий тизимларни ортиқча зўриқтирмаслиги керак», — дейди Саида Мирзиёева.
Қайд этилишича, олдинда турган мақсадлар улкан. Тошкентни ҳар бир юртдош ва шаҳар меҳмонлари учун янада қулай, кўркам, озода ва хавфсиз масканга айлантириш ниятида бўлган бизнес вакилларига кўмаклашиш мақсад қилинган.
«Айнан шундай ёндашув Янги Ўзбекистон сиёсатига тўла мос келади. Чунки бундай ташаббускор бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш — Президентимиз томонидан зиммамизга юклатилган энг асосий вазифалардан биридир», — дея таъкидлади Саида Мирзиёева.