"Бухоро дунё эътибори марказида. Биеннале майдони кўплаб хорижий давлатлар, узоқ-яқин мамлакатлардан келган рассом ва ҳунармандларни бирлаштирди, – деб ёзди Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўзининг telegram-каналида. – Муқаддас Бухоро замини — бутун инсониятнинг мулки, асрлар давомида жаҳон цивилизациясига мансуб бўлган, азалдан маданият, ижод ва илм-маърифат маркази сифатида танилган шаҳардир.
Миллатлар ўртасида ҳамиша очиқ мулоқот руҳи ҳукм сурувчи айни масканда маданий мероснинг қадрига етадиган, уни асраб-авайлайдиган зиёлилар йиғилгани – табиий воқелик.
Масжид гумбазларидан то ипак гиламларгача, зардўзлик намуналаридан то миниатюра санъатигача, ёғоч ўймакорлигидан то шашмақом мусиқасигача — бебаҳо хазинамиз кўплаб авлодлар маҳорати ва иқтидорини ўзида мужассам этган.
Бугун маданият биз учун нафақат гўзаллик ва илҳом манбаи, балки халқаро нуфузимизни оширадиган ҳамда мамлакатимизнинг глобал макондаги қиёфасини шакллантирадиган стратегик ресурс ҳамдир.
Хуш келибсиз!"