Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари ҳамкорлигида Бўстонлиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда республика ҳудудидан ноқонуний тарзда қуш олиб чиқишга уринган шахс қўлга олинди.

Маълумотларга кўра, «Оқтош» қўриқлов пункти орқали давлат чегарасини бузиб ўтишга уринган шахс тўхтатиб текширилганда, унинг сумкасидан 8 бош тирик лочин қуши аниқланди.

Ноқонуний олиб ўтиш жараёнида қушларга шафқатсиз муносабатда бўлингани маълум бўлди: уларнинг кўз ва оёқлари боғланган, қанотлари скотчланган ҳамда тор сумкага зичлаб жойланган.

Экологлар таъкидлашича, ушбу лочинлар Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган турлардан ҳисобланади. Ҳозирда қушлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.