Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Тошкент Давлат Аграр Университети билан ҳамкорликда олий ўқув юртининг 90 йиллигига бағишланган “Қишлоқ хўжалиги фани назарияси ва амалиётининг долзарб муаммолари ҳамда уларни ҳал этиш йўллари” мавзусидаги халқаро анжуманни ташкил этди. Онлайн тарзда бўлиб ўтган анжуманда Россия, Германия, Корея, Туркиядаги қатор нуфузли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, жами 90 дан ортиқ таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда 2001 йилда Ўзбекистон ФАОга аъзо бўлганидан буён университет ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилди. Ўтган вақт мобайнида илғор хорижий тажрибалар асосида Ўзбекистон агросаноат соҳаси учун муҳим бўлган, юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган кўплаб қўшма лойиҳа ва дастурлар ФАО томонидан амалга оширилди. Тадбир давомида икки томонлама ҳамкорликнинг ўтган йиллардаги натижалари ва режалари муҳокама қилинди.
Тошкент Давлат Аграр Университети бутун Марказий Осиё минтақасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг нуфузли ўқув юртларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди. Университет битирувчилари орасида нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам, шу жумладан, ФАО тизимида қишлоқ хўжалиги ривожига ҳисса қўшган ёрқин ва истеъдодли шахслар талайгина.