Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жойларда қурилиб фойдаланишга топширилган ва қурилиши давом этаётган бино ва иншоотларда жамоатчилик назорати тартибида кузатув олиб бормоқда. Жумладан, Яккабоғ туманида олиб борилган ўрганишларда қурилиш соҳасида жиддий хато ва камчиликлар кўзга ташланди.
Яккабоғ тумани ҳокимининг 2021 йил 9 апрелдаги 41-4-68-Q/21-сонли қарори билан “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан "Учтепа" МФЙ Чўмич даҳаси ҳудудидаги захира ер майдонидан иккита беш қаватли 20 хонадонли уй-жойлар қурилиши учун 1,5 гектар ер майдони ажратиб берилган. Қизиғи шундаки, мазкур ер участкаси бошқа бир тадбиркорга иссиқхона қуриш учун ажратилган. Бунинг натижасида икки тадбиркор ўртасида можаро юзага келган. Ваҳоланки, иккита кўп қаватли уй-жой учун кўпи билан 0,5 гектар ер майдони етарли.
Шунингдек, Яккабоғ тумани ҳокими томонидан пиёда ва велосипедда юрувчилар учун мўлжалланган “Саломатлик йўлаклари” қурилиши учун "Янгиобод", "Чўмич" ва "Жамбул" МФЙ ҳудудидан жой ажратиш мўлжалланган. Туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган. Бироқ қарорда белгиланган, туман марказидан ўтувчи шоҳкўча жуда торайиб қолган. Бу ҳам етмагандек, туман ҳокимининг тегишли кўрсатмаларига мувофиқ, фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини юритиши учун йўл ёқасига контейнерлар ўрнатилган. Бу эса “Саломатлик йўлаги”ни қуриш имконияти йўқлигини кўрсатади.