Ўзбекистон бўйича июль ойининг биринчи кунлари ўртача иссиқ бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 37-39 даражага етди, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 40-43 даражагача бўлди.

Якшанба куни республиканинг шимолий ҳудудларига Қозиғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати 31-32 даражагача пасайди.

Бугун салқин ҳаво республиканинг барча ҳудудларига тарқала бошлади. Кундузи ҳаво ҳарорати 33-36 даражагача, жанубда 40 даражагача пасаяди. Меъёрий қиматларга яқин бўлган бундай ҳарорат фони иш ҳафтасининг охиригача сақланиб туради.

3-7 июль кунлари айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда, шунингдек, 4 июлда кечга томон Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда, 3-4 июль кунлари энг чекка жанубда 20-22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтимизда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий йўналишдаги шамол 3-8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан 34-36 даража бўлади.