2021 йилнинг март ойида Самарқанд автомобиль заводи Қозоғистонга модификацияси янгиланган SAZ LE60 автобусларининг 30 тасини жўнатди. Буюртма бўйича ишлаб чиқарилган дастлабки 20та автобус 20 мартда Туркистон шаҳрида линияларга чиқарилди. Йўловчилар орасида Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукеев ҳам иштирок этди.

«Биз Туркистон автобус паркини янгилашда айнан Ўзбекистонда конструкцияланган ва ишлаб чиқарилаётган SAZ LE60 автобуслари танланганидан беҳад хурсандмиз. Бизнинг ҳамкорларимиз янгиланган моделнинг ҳар жиҳатдан, шу жумладан, ҳаракати чекланган фуқаролар учун қулайлигини, узоқ муддат ишлашини, шунингдек нархи ва сифатининг нисбатини алоҳида қайд этдилар. Йил бошида бу модификация ЕОИИ Божхона иттифоқининг сертификатини олганди.

Бу Қозоғистонга етказиб берилган биринчи партия эмас. SamAuto маҳсулотларидан Олмаота, Туркистон ва Атирауда йўловчиларни шаҳар бўйлаб ташишда фойдаланиб келинмоқда. Халқаро ҳамкорлик йилларида жами турли моделлардаги автобусларнинг Қозоғистонга қилинган экспорти сони 900тани ташкил этди, улардан 300 таси  SAZ LE60 автобусларига тўғри келади», — дейди СамАвто МЧЖ ҚК нинг маркетинг ва сотувлар бўйича бош директор ўринбосари Илҳом Ярашев.

SAZ LE60 автобуси 56 йўловчи (25 та ўриндиқ) га мўлжалланган. Туркистонда линияга чиққан автобуслар пандуслар, йўл ҳақи тўлашнинг электрон тизимлари, кондиционерлар, видеокузатув камералари ва йўловчиларга аудиоахборот етказиш тизимлари билан жиҳозланган.