Самарқанд ветеринария медицинаси институти билан Клуж Напока қишлоқ хўжалик фанлари ва ветеринария медицинаси университети ўртасида 2019 йилда ҳамкорлик меморандуми имзоланганди.

Мазкур университетнинг икки нафар олими - ветеринария фанлари доктори, профессор Д.Жоржиана ҳамда илмий ходим Л.Каталина Самарқанд ветеринария медицинаси институтида бўлди.

Меҳмонларни институтнинг қўшма таълим дастурлари қизиқтирди. Айни кунда институтда 3 та қўшма таълим дастури мавжуд бўлиб, улар Латвия ва Беларус Республикалари турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда тузилган. «2+2», «1+3» таълим дастурларига биноан, талабалар ҳар иккала олий ўқув юртида таълим олади ва икки мамлакат дипломига эга бўлади.

Профессор Жоржиананинг сўзларига кўра, улар «Erasmus» лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик талабалар учун амалий машғулотлар ташкил этади. Шунингдек, ветеринария паразитологияси соҳасида халқаро тажрибаларни оммалаштириш ва йиртқич ҳайвонлар паразитологиясига доир экспериментал тадқиқотлар натижалари бўйича институт профессор-ўқитувчилари билан фикр алмашади.

Руминиялик олимлар Самарқандда 12 декабрга қадар бўлади. Улар илмий тадқиқотчи, стажёр ва талабаларга паразитология мавзусида маъруза ўқийди, деб хабар беради ZarNews.uz